27 Январ 2021 йил 521

Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан 2020 йил мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди

Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан 2020 йил мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзоси, журналист, “Зарафшон” газетаси мухаррири Фармон Тошев, Самарқанд шаҳар Маънавият маркази раҳбари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоир Хуршид Нурулллаев, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Ф.Рахматов, ИИВ ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими бошлиғи Ш.Шодиев, терговчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Ҳисобот йиғилишини ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бошлиғи полковник Рамазон Ашрапов очиб бериб, тергов тизими ходимлари томонидан жиноятчиликни олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, шунингдек, жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги, давлат ва фуқароларга етказилган моддий зарарни ундириш чоралари кўрилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, сенатор Ф.Тошев терговчиларга мамалакатимиздаги юз бераётган сиёсий жараёнлар, терговчиларнинг етук мутахассис сифатида шаклланиши, маърифатли, халқчил ходим бўлишлари учун қандай фазилатларга эга бўлишлари лозимлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.

Йиғилишда якунланган йил давомида юзага келган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди.

Шунингдек, масъуллар томонидан келгусида соҳада амалга ошириладиган устувор вазифалар, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбир давомида, хизмат фаолиятида ижобий кўрсаткичларга эришганлиги ва ҳамкасбларига ўрнак бўлганлиги муносабати билан бир гуруҳ ходимлар ҳамда уларнинг ота оналарига Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг қимматбаҳо совғалари ҳамда Тергов бошқармаси раҳбариятининг эсдалик қўл соатлари тантанали равишда топширилди.

Тадбирнинг тўлиқ тафсилотлари теледастур орқали эфирга узатилади.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech