23 Феврал 2021 йил 683

Самарқанд вилояти прокурори ва ИИБ бошлиғи Пахтачида содир этилган қотиллик юзасидан муҳокама ўтказди

2021 йил 18 февраль куни Пахтачи тумани “М.Улуғбек” маҳалласида яшовчи Илхом Ш. яшаш уйининг ошхонасида таниши билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда ўзаро келиб чиққан жанжал давомида шеригини ошхона пичоғи билан уриб ўлдирган.

Ҳолат юзасидан Пахтачи туман прокуратураси томонидан
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Самарқанд вилояти прокурори Р.Машарипов, вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Рахмонов, Пахтачи тумани ҳокими, 4 та сектор ҳамда корхона ташкилот раҳбарлари, жиноят содир этган фуқаро ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида ушбу жиноятининг муҳокамаси ўтказилди.

Дастлаб туман прокурорининг ўринбосари томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди.

Бугунги кунда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан эмас, балки уни келтириб чиқараётган омилларга қарши кураш ва бартараф этиш долзарб вазифа эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатларни содир бўлишини томошабин бўлиб кузатиб туриши эмас, балки уни олдини олишга чин дилдан ҳаракат қилиши шартлиги, ўзининг огоҳлиги ва  ҳушёрлиги билан масъул эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Жиноятни содир қилган Илхом Ш. сўзга чиқиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги, жабрланувчи ва маҳалладошларидан уни кечиришларини сўради.

Вилоят прокурори томонидан бир инсонга қасддан зарар етказишнинг оқибатлари, фуқаролар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлмаслик, фуқаролик позициясига таянган ҳолда уларни муросага келтириш ҳамда тегишли идораларга хабар бериш тўғрисида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бу каби жиноятларни олдини олишда профилактика инспектори билан бир қаторда кенг жамоатчилик ҳам масъул эканлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.

Маҳалла раиси, нуронийлар ва маҳалла фаоллари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳамжиҳатликда иш ташкил қилишларини таъкидлаб ўтишди.

Муҳокама йиғилиши якунида туман ҳудудида бу каби жиноятларни содир этилишига йўл қўймаслик юзасидан тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech