18 Декабр 2020 йил 561

Пайариқ туманида содир этилган оғир турдаги жиноят Самарқанд вилояти прокурори ва ИИБ бошлиғи иштирокида муҳокама этилди

Пайариқ тумани Челак шаҳри “Истиқлол” кўчасида жойлашган “Ёшлар истироҳат боғи” олдида киракашлик фаолияти билан шуғулланувчи Э.О. ва Х.З.лар ўзаро мижоз талашиши оқибатида жанжал юзага келиб, Э.О. фуқаро Х.З.нинг юзи ва баданига уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.Ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ хузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Самарқанд вилояти прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, Пайариқ тумани хокими, 4 та сектор ҳамда корхона ташкилот раҳбарлари, жиноят содир этган фуқаро ҳамда маҳалла фаоллари ўртасида ушбу жиноятинининг муҳокамаси ўтказилди.

Вилоят ИИБ бошлиғи томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди.

Бугунги кунда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан эмас, балки уни келтириб чиқараётган омилларга қарши кураш ва бартараф этиш долзарб вазифа эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатларни содир бўлишини томошабин бўлиб кузатиб туриши эмас, балки уни олдини олишга чин дилдан ҳаракат қилиши шартлиги, ўзининг огоҳлиги ва  ҳушёрлиги билан масъул эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Жиноятни содир қилган О. сўзга чиқиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги, жабрланувчи ва маҳалладошларидан уни кечиришларини сўради.

Вилоят прокурори томонидан бир инсонга қасддан зарар етказишнинг оқибатлари, фуқаролар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлмаслик, фуқаролик позициясига таянган ҳолда уларни муросага келтириш ҳамда тегишли идораларга хабар бериш тўғрисида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бу каби жиноятларни олдини олишда профилактика инспектори билан бир қаторда кенг жамоатчилик ҳам масъул эканлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.

Маҳалла раиси, нуронийлар ва маҳалла фаоллари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳамжиҳатликда иш ташкил қилишларини таъкидлаб ўтишди.

Муҳокама йиғилиши якунида туман ҳудудида бу каби жиноятларни содир этилишига йўл қўймаслик юзасидан тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech