23 Декабр 2020 йил 467

Самарқандда 237 826 нафар фуқарога хорижга чиқиш учун биометрик паспорт расмийлаштирилган

Бу ҳақда бугун вилоят Матбуот уйида ташкил этилган матбуот анжуманида Самарқанд вилояти ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Даврон Норчаев маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги, 5156-сонли фармонига кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш бошланганди. Унга кўра, 2021 йил 1 январдан қўшни давлатлар - Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Қирғизистон давлатларига мазкур намунадаги, яъни хорижга чиқиш биометрик паспортлари билан чиқиш белгиланган.

Вилоятимизда ҳозирги кунда жами 19 та барча туман (шаҳар)ларда хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлатириш пунктлари фаолият олиб бормоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳамда Ургут тумани ИИО ФМБларда 2 тадан ҳамда вилоят ИИБ МваФРБнинг ўзида хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштириш пунктлари фуқароларга хизмат кўрсатмоқда.

- 2021 йил 1 январдан хорижга чиқиш паспорти билан чет элга чиқиш мумкинлиги юзасидан олиб борган тарғибот-ташвиқот ишларимиз натижасида жойлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида фуқароларнинг мурожаатлари ошиб кетди, - деди Д.Норчаев. - Пандемия шароитини инобатга олиб, фуқаролар аниқ кетаётган давлати ва кунини аниқлаб, 15 кун олдин ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим (бўлинма)ларига мурожаат қилишлари лозим. Шунингдек, бугун, яъни 23 декабрдан бошлаб фуқароларга амалдаги яшил паспорт берилиши тўхтатилди. Яшил паспортларнинг амал қилиш муддати 2031 йилда тугайди.

Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари журналистларнинг миграцияга оид барча саволларига жавоб берди.

Маълумот ўрнида: хорижга чиқиш паспорти 0-1 ёшгача бўлган болаларга 2 йил муддатга, 16 ёшгача бўлганларга 5 йил муддатга, 16 ёшдан катталарга 10 йил муддатга берилади.

 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

Text to speech