Самарқандда бир-бирига туташ бўлган уйларда ёнғин содир бўлди
Бугун, 22 июнь куни соат 00:52да Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар “Боғибаланд” МФЙ “Хўжа Исоқи Валий” кўчаси 1-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушди.
Мазкур хабарга асосан воқеа жойига 6 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 1 та сув ташиш автомашинаси жалб этилган. Ҳодиса оқибатида уйнинг 248 кв.м. майдонида том ва шифт қисми ҳамда қўшни уйнинг 30 кв.м. майдонида том қисми ёнган.
Ёнғин соат 01:55да ўраб олиниб, соат 02:53да тўлиқ ўчирилган. Ёнғиндан уйларнинг тахминан 300 кв.м. майдони сақлаб қолинган.
Ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Юқоридаги каби кўнгилсиз вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаролардан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишни сўраб колади.