Самарқандда бир гуруҳ ИИБ ходимларининг фарзандларига таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун имтиёзли тавсияномалар топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 февралдаги “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришчора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4212-сон Қарорига асосан, 2019 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар ҳамда терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш чоғида ҳалок бўлган ёки олган тан жароҳатларидан ногирон бўлиб қолган собиқ ходимларнинг фарзандларига таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун имтиёз бериб келинмоқда. Жорий йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Раззоқович Бобожоновнинг 2021 йил 1 майдаги буйруғига асосан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган Самарқанд вилояти ички ишлар органларининг амалдаги жами 82 нафар ходимларнинг 88 нафар фарзандига таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун имтиёзлар (тавсиянома, тақдимнома) берилди.
Шундан:
- 52 нафар ходимларнинг 55 нафар фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун имтиёзлар (тавсиянома) берилди.
- 30 нафар ходимларнинг 33 нафар фарзандларига олий ва ўрта-махсус (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари тасарруфидаги) таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёзлар (тақдимнома) берилди.
Бундан ташқари, 1 нафар хизмат вақтида тан жароҳати олиб, ногирон бўлиб қолган собиқ ходимнинг фарзандига олий таълим муассасасига гранд асосида ўқишга қабул қилиниши учун имтиёз берилди.
Тантанали тадбирда иштирок этган Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Ф.Рахматов томонидан Президентимиз томонидан ички ишлар органлари ходимларига яратиб берилаётган шарт-шароитларга жавобан ҳар бир ходим доимий равишда ўз устида ишлаб, зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши, ўзини Ватан тақдирига дахлдор деб билиб, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибасини сафарбар этиши зарурлиги таъкидланди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати