2 Август 2021 йил 865

Самарқандда ИИБ ходимига 5 минг АҚШ долларини пора тариқасида бермоқчи бўлган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

2021 йил 30 июль куни Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан Тайлоқ тумани марказида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1990 йилда туғилган, Самарқанд шаҳар “Имом Восе” маҳалласида яшовчи Х.Д. чет давлатга кетиши ва авиачипта олиши учун керак бўладиган “COVID-19” вируси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тест таҳлилини соҳталаштирган ҳолда 180.000 сўмга сотган вақтида далилий ашёлар билан ушланиб, расмийлаштирилган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида фуқаро Х.Д. нинг укаси ҳолатни расмийлаштирмаслик ва ишни ижобий томонга ҳал қилиб бериш эвазига тезкор ходимга 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилган.

Ходим ИИО ходимига пул таклиф қилиш, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантиришига қарамай, фуқаро кейин келиб учрашишини айтиб чиқиб кетган. Ходим ҳолат юзасидан Бошқарма бошлиғига билдирги билан мурожаат қилган.

Билдиргига асосан, 2021 йил 31 июль куни ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ҳамда Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро И.Х. тезкор ходимга 5 минг АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech