25 Сентябр 2020 йил 1023

Самарқандда ЙПХ инспекторига пора бермоқчи бўлган шахснинг нияти амалга ошмади

2020 йил 24 сентябрь куни Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан ўтувчи М-37 йўлининг 6 км.да хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори “Самарқанд-Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган “Каптива” русумли автотранспорт воситасини тўхтатиб текширган вақтида, автомашина ҳайдовчиси, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган, М. автотранспорт воситасини ишончномасиз бошқариб келаётганлигини аниқлаб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирган.

Шу вақтда ҳайдовчи ЙПХ инспекторига автотранспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига пора тариқасида 2.000.000 (икки миллион) сўм миқдорида пул таклиф қилган.

ЙПХ инспектори ҳайдовчига пора бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамай, ҳайдовчи унга пора таклиф қилишда давом этган.

Шу куни ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ҳамда Оқдарё тумани прокуратураси ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро М. автотураргоҳ қоровулхонасида ЙПХ инспекторига 2.000.000 сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech