20 Феврал 2021 йил 670

Самарқандда “Касблар фестивали” ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Президенти томонидан секторлар раҳбарларига ёшлар билан янгича ишлаш тизимини яратишда иккита муҳим йўналишда аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ёшлар бандлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Самарқанд шаҳар прокуратурасининг ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жорий йилнинг 19 февраль куни “Касблар фестивали” ташкил этилиб, тадбир доирасида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” шиори остида “Меҳнат ярмаркаси” ўтказилди.

Республика Президенти томонидан олға сурилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш борасида “1+1” лойиҳаси доирасида 107 нафар ишсиз юрган ёшлар 34 нафар ҳунармандларга, 69 та ёш қизларимиз 10 нафар тикувчиларга жами 176 нафар ёш йигит-қизларимиз ҳунармандчиликнинг турли хил йўналишларида фаолият олиб бораётган ўз касбининг моҳир усталарига бириктирилди.

Бундан ташқари, 11-синф ўқувчилардан 100 нафари дарслардан кейин 10 та йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитилмоқда, ўқишларини якунида уларга ишга жойлашиш имконини берувчи сертификатлар берилади.

“Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарида рўйхатда турган ишсиз ёшлардан 361 нафари профессионал таълим тизимидаги касб-ҳунар мактаби ва техникумларда ташкил этилган қисқа муддатли қайта тайёрлов курсларига ўқишга жалб қилинди, шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, 361 та ишсиз ёшлар билан ҳудудий бандлик бўлимлари, иш берувчи ташкилот ва профессионал таълим бошқармаси ўртасида 4 томонлама шартнома имзоланиб, ушбу шартнома шартларига кўра, ишсиз ёшларни профессионал таълим тизимидаги мутахассислар ўқитади, ҳудудий бандлик бўлимлари стипендия тўлайди ва иш берувчи ўқув курси тугаганидан кейин ишга олиши шарт бўлади, бу билан биз тўлиқ ишонч билан 361 нафар ишсиз ёшларни бандлиги таъминланади деб айтса бўлади.

Ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш уларни “камбағалликдан чиқариш” мақсадида “Касблар фестивали” давомида “Ёшлар дафтари”га киритилган 20 нафар ишсиз ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳақидаги сертификатлар топширилиб, “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 нафар хотин-қизларга тикув машиналари топширилди.

Шунингдек, ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси”да Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган 20 та саноат корхонаси ўзининг 783 та бўш иш ўринлари билан қатнашди, ярмаркага асосан 2-сектор ҳудудида яшовчи уюшмаган ёшлар, “озодликдан маҳрум қилиш” билан боғлиқ бўлмаган жиноий жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, муқим иш ўрни бўлмаганлиги сабабли, вояга етмаган фарзандларига ўз вақтида алимент тўлашга қийналаётган оталар ва меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган ишсиз ёшлар таклиф этилди.

Тадбирда 60 нафар ишсиз ёшлар, Пробация хизматида рўйхатда турган 18 нафар маҳкумлар квота иш ўринларига доимий ишга жойлаштирилиб, 7 нафари қайта тайёрлов курсларига юборилди.

Text to speech