Самарқандда пробация назоратида турган шахслар билан умумпрофилактик тадбирлар ўтказилмоқда
Самарқанд вилоятининг барча шаҳар-туманларида мутассади ташкилотлар билан ҳамкорликда пробация назоратида турган шахслар билан бир қатор умумпрофилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдаси вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар бошқармасининг ташаббуси билан Пастдарғом туманида ташкил этилди.
Пастдарғом туманидаги Маданият уйида ўтказилган тадбирда, вилоят прокурори, туман ҳокими, туман прокурори, вилоят ИИБ Пробация бўлими ходимлари, шунингдек, мутассади ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, унда пробация ҳисобида турувчи 170 нафар ёшлар ва хотин-қизлар қатнашди.
Вилоят прокурори томонидан бугунги кунда юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳатлар, жиноий жазоларнинг енгиллаштирилиши, шунингдек, жазони ўташ шартлари тўғрисида тушунчалар берилди.
Тадбир давомида, корхона ва ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари ва кўргазмали чиқишлари билан қатнашиб, пробация ҳисобида турувчи назоратдаги шахсларнинг 12 нафари ишга жойлаштирилди, 8 нафарига ишга йўлланмалар берилди ва улар хозирда ишга жойлаштириш жараёнида.
Шунингдек, пробация ҳисобида турувчи 18 нафар хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштириш учун тегишли тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, тадбир давомида 19 нафар хотин-қизларга ҳар хил уй-рўзғор буюмлари, 4 нафарига тикув машиналари;
8 нафар назоратдаги шахсларга боғ ва ток ораларига ишлов беришга мўлжалланган кичик хажмдаги “Мотокултиватор”лар;
10 нафар назоратдаги шахсларга пайвандлаш ускуналари;
10 нафар назоратдаги шахсларга “Автоген” ускуналари бепул тарқатилди;
Шунингдек, 6 нафар назоратдаги шахсларга имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича шу ернинг ўзида тегишли хужжатлар расмийлаштирилди.
Китобга меҳр кўйган 25 нафар ёшларга 2 донадан турли бадиий китоблар тарқатилди.
Жазо ўташ даврида намунали ҳулқи ва тартиб интизоми билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган 20 нафар назорат остидаги шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари тадбир ташкилотчилари ҳамда ички ишлар ходимлари томонидан уларнинг хонадонларига шахсан етказилди.
Бундан ташқари, 20 нафар назоратдаги шахсларга суюлтирилган газ балонлари яшаш хонадонларига етказилди.
Шунингдек, шу куни туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари томонидан сайёр қабул ўтказилиб, унда 50 нафардан ортиқ шахсларнинг муоммолари тингланди. Аксарият мурожаатлар жойида ҳал этилиб, муддат талаб этиладиганларини ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, 18 нафар назоратдаги шахсларнинг кредит олиш масаласидаги мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича тегишли мутассади ташкилотларга топшириқлар берилди.
Тадбир сўнгида, жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан сайёр суд ўтказилиб, унда 15 нафар жазо ўтаётган шахсларнинг ўталмай қолган жазолари муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати