24 Феврал 2021 йил 469

Самарқандда ўтказилаётган “Зарбдор ойлиги” давомида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар аниқланди

2021 йил 23 февраль куни Иштихон тумани ҳудудида “Зарбдор ойлиги” тезкор-профилактик тадбирини ўтказиш ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган зарурий чора-тадбирлар режасига асосан, туман ҳудудида яшовчи 24 нафар жиноят содир этишга мойил бўлган гумондор шахсларни яшаш хонадонларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилди.

Олиб борилган тинтув тергов ҳаракатлари давомида, Иштихон тумани “Бойтуви” маҳалласида яшовчи, 1966 йилда туғилган Қ.Б. нинг яшаш уйидаги дарахт шохлари орасидан оғирлиги 100 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси топилиб, холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Бундан ташқари, Иштихон тумани “Дехқонобод” маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган М.Х. нинг яшаш уйи ва ёрдамчи ҳўжаликларида ўтказилган тинтув давомида, ошхонасидаги ўчоғи ичидан ва товуқхонасининг устидан тахминий оғирлиги 1 кг бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси топилиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди.

Шунингдек, Иштихон тумани “Чақар” қишлоғида яшовчи 1960 йилда туғилган У.А. нинг яшаш манзили тинтув қилинганида, уйидаги шкаф ичида бўлган кийимларининг чўнтагидан тахминан 30 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси топилиб, расмийлаштирилиб олинди.

Мазкур холатлар юзасидан дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.

“Зарбдор ойлиги” доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech