18 Июн 2021 йил 468

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида қатор маърифий тадбирлар ташкил этилди

Эрта тонгда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида юриш марафони ташкил этилди ва унда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар, фаол ва иқтидорли ёшлар, ҳарбий хизматчилар, спортчилар, ўқувчи ва талабалар ҳамда ички ишлар ходимларидан иборат уч мингга яқин киши 5000 қадам шиори остида Пастдарғом тумани марказий кўчалари бўйлаб юришди. Шундан сўнг улар ўртасида бадантарбия машқлари бажарилди.

Фестивал доирасида “Беш ташаббус” кўргазмалари туманнинг Жума шаҳридаги марказий истироҳат боғи бўйлаб давом этди. Унда туман ёшларининг ақлу тафаккури ила яратилган турли ижод намуналари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Шунингдек, китоб савдо ярмаркаси ва викториналар, янги чоп этилган китоблар тақдимоти, ҳунармандчилик кўргазмаси ва маҳорат дарслари, миллий спорт ўйинлари, миллий қадриятлар ва расмлар кўргазмаси марафон иштирокчилари қалбларини завқу шавққа тўлдирди. Ёш ижодкорларнинг ижод намуналари борган сари ўзгача гўзаллик касб этиб, дилларга ошуфталик бағишлади.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг кўргазмали чиқишлари ёшларда зўр ҳаяжон ва катта қизиқиш уйғотди. Улар ҳар бир бажарилаётган машқларни синчковлик билан кузатдилар.

Майдон узра саф тортган ҳарбий техникалар кўргазмаси ҳам ёшлардаги ватанпарварлик туйғуларини янада ошириб, улардаги ҳарбий техникаларга қизиқишини ортишига замин яратди. 

Айниқса, "Раҳбар ва Ёшлар учрашуви" дилдан ва самимий руҳда ўтди. Туман ёшлари томонидан Ички ишлар вазирлиги ходимларига турли мурожаат ва таклифлар айтилди. Қилинган мурожаатларга тегишли жавоблар қайтарилиб, таклифлар қаноатлантирилди. Шунингдек, биринчи маротаба паспорт олаётган 16 нафар фуқароларга ID-карталари тантанали равишда топширилди.

Мазкур тадбир муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун байрам дастурхони ҳам ташкил этилди ва ёшларнинг самимий суҳбатлари бир пиёла чой устида давом этди.

Тадбир асносида Ёш тадбиркорлар фаолиятига саёҳат ҳам уюштирилди. Иштирокчилар ёш тадбиркорларниг иш шароитлари ва яратувчилик фаолиятлари билан яқиндан танишди.

Ташкил этилган Спорт мусобақалари ҳам барчанинг диққат эътиборини тортди. Қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлган кураш мусобақасини барча иштирокчилар катта қизиқиш билан томоша қилишди.

Ушбу “Ёшлар фестивали”нинг якунида гала-концерт ташкил этилди. Қўшиқларда ёшликни, Ватанни улуғловчи оҳанглар янгради. Ёшлик фестивали том маънода ёшларнинг ҳақиқий байрами бўлди.

“Ёшлар фестивали” улар учун янги имкониятлар эшигини очди, янги марраларни забт этиш учун замин яратди, энг асосийси, ёшлар “Янги Ўзбекистон”нинг келажаги эканлигини яна бир карра чин юракдан ҳис этишга илҳомлантирганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech