Самарқанд туманида содир бўлган мудҳиш ҳолат муҳокама қилинди
2022 йил 03 ноябрь куни Самарқанд тумани “Жарқишлоқ” маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган Қ.А. қайнонаси билан ўрталарида келиб чиққан оилавий келишмовчилик натижасида унга “аччиқ қилиб”, ўзини 3 нафар вояга етмаган фарзандлари билан биргаликда Самарқанд тумани “Янгиариқ” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлаб юборган. Туманнинг Янгиариқ маҳалласида жойлашган “Оқ-амур” номли ошхонада ишловчи фуқаролар томонидан улар сувдан чиқариб олинган.
Афсуски фуқаронинг икки нафар фарзанди вафот этган. Ўзи ва яна бир фарзанди туман марказий шифохонасига олиб борилган. Шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб даволаниш учун шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарканд туман прокуратураси томонидан терговга-қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур аянчли ҳодиса вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Атрофимиздаги воқеаларга эътиборсизмиз, томошабин бўлиб туришдан воз кечиш лозим. Маҳалла фаоллари ишласин. Ҳар бир хонадонга кириб бориш, улардаги маънавий муҳитни ўрганиш зарур. Нуронийларнинг ролини ошириш ,уларнинг ибратли панд насиҳатларини кенг тарғиб этиш керак, - деди бошқарма бошлиғи.
Маҳалла мутасаддилари фаолияти қониқарсиз деб баҳоланиб, хонадонбай ишлаш, низоли, жанжалли хонадонлар, турмуш ўртоғи хорижда бўлган оилалар билан мунтазам суҳбатлар олиб бориш, назоратни йўлга қўйиш борасида тушунчалар берилди.