Самарқандда банкоматни ўмармоқчи бўлган шахслар қўлга олинди
2023 йил 31 март куни тунги соат 03 лар атрофида 3 нафар номаълум шахс юзларини тиббий ниқоб билан беркитган ҳолда давлат рақам белгиси бўлмаган қора рангли “Chevrolet Tracker" русумли автомашинада Самарқанд шаҳар Буюк Ипак Йўли кўчаси 65-уйнинг олдида ўрнатилган Акционерлик тижорат “Туронбанк”и Самарқанд вилоят филиалига тегишли бўлган банкоматни ўмармоқчи бўлган.
Уччовлон фуқароларга пластик карталаридаги пулларини нақд қилиб бериш учун хизмат кўрсатувчи ушбу банкомат шаҳобчасига келиб, банкоматни электр қувватидан узган ва бузиш йўли билан банкомат ичида бўлган 323.290.000 сўм нақд пулларни яширин равишда талон-торож қилмоқчи бўлган.
Уларнинг "бахтига" қарши шу вақтда банкоматнинг тармоқдан узилганлиги ҳақидаги сигнали ишга тушиб кетган. Натижада Самарқанд шаҳар Қўриқлаш бўлимига берилган огоҳлантирувчи чақирув асосида ходимлар воқеа жойига етиб келган. Хизмат автомашинасининг огоҳлантирувчи товушларини эшитган бу кимсалар ўғирлик жиноятини оҳирига етказа олмасдан, ҳодиса жойидан яширинган.
Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимларининг тезкор қидирув-суриштирув ишлари натижасида уларнинг уччови ҳам қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.