Самарқандда катта миқдорда кучли таъсир қилувчи психотроп моддалар савдосига чек қўйилди
Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси, ИИБ ЖҚБ ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Жўйсой” МФЙ да тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани “Х.Олимжон” МФЙда яшовчи 1993 йилда туғилган Д.Н., Самарқанд шаҳрида вақтинчалик истиқомат қилаётган Молдова Республикаси фуқароси, П.И. га “MIDEX” (тропикамид) номли кучли таъсир этувчи дори воситаларини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Самарқанд шаҳар “Намозгоҳ” МФЙда жойлашган дорихонада вояга етмаган шахс, ариза муаллифи Д.П.га 28 дона “Галара” номли ва 5 (беш) елим ампуладаги “MIDEX” (тропикамид) номли кучли таъсир этувчи дори воситаларини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу дорихона кўздан кечириш давомида, МЧЖ раҳбари, 1998 йилда туғилган, Нуробод тумани “Олга” қишлоғида яшовчи С.А. га тегишли бўлган 6698 дона “Галлара” номли дори воситалари, 87 дона “MIDEX” (тропикамид) номли ва 150 “MYDRIMAX” (тропикамид) номли дори воситалари келгусида сотиш мақсадида сақланиб келинаётганлиги аниқланиб, текшириб кўриш учун олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати