8 Июл 2021 йил 2561

“Smart mahalla” мобил ахборот тизими орқали 20 йўналишда ариза юбориш мумкин. Иловада бошқа қулайликлар ҳам бор

Бугун қўл телефонидан фойдаланмайдиган одам деярли йўқ. Аммо мазкур қурилма аксарият ҳолларда алоқа воситаси сифатида хизмат қилади. Бироқ энди миллий иловалар яратиш орқали унинг функциялари кенгайиб, фуқароларимизга янги қулайлик яратмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 мартдаги фармонига асосан Ички ишлар вазирлиги томонидан “Smart mahalla” мобил ахборот тизими яратилди.

- Фуқароларга масофадан туриб электрон хизматлар кўрсатишга қаратилган тизимда Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг сектор штаблари, маҳалла идоралари, ҳуқуқ-тартибот масканлари ва аҳоли демографияси ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилган, - дейди вилоят 3-сектор котиби Нурназар Тилавов. – 

У Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинганлиги билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Шу боис, қайд этилган мобил иловадан фойдаланувчи рўйхатдан ўтганидан сўнг “Менинг маҳаллам” менюсида маҳалла раиси, маҳалла демографик маълумотлари ва бириктирилган сектор раҳбари, шунингдек маҳалла идораси ва сектор штабининг геожойлашуви ҳақида маълумот олса, сектор фаолиятига баҳо берса бўлади.

Жорий йил 1 июндан синов режимида ишлаётган мобил ахборот тизимида фуқароларга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантиришга қаратилган 20 йўналишда аризалар билан мурожаат қилишга имкон яратилган.

Масалан, “Smart mahalla” мобил иловаси аҳолига секторларга масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, маҳалла раислари, сектор раҳбарлари ва профилактика инспекторлари билан тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, сектор раҳбарлари ва профилактика инспекторлари фаолиятига баҳо бериш каби имкониятлар билан бир қаторда, давлат идораларининг очиқ маълумотлар ресурсларидан тезкорлик билан фойдаланишда қулайликлар яратади.

Иловадан фойдаланувчи “Ҳудуд гео-харитаси” менюсида эса содир эътилган йўл-транспорт ҳодисалари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақидаги маълумотларни ҳудудлар кесимида, давр оралиғида кузатиш имконига эга бўлади. Тизимнинг “Қидирувдаги ва бедарак йўқолган шахслар” менюсида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қидирув эълон қилинган ва бедарак йўқолган деб топилган шахслар ҳақидаги сўнгги маълумотлар акс этади.

“SOS” менюсида “101”, “102”, “103”, “104”, “1050” ва “1173” қисқа рақамларига шошилинч хабар йўллаш, шунингдек “102” тизими орқали мурожаат ижроси доирасида жалб этилган куч-воситаларни жойлашуви ва ҳодиса жойига қараб ҳаракатланишини реал вақт давомида кузатиб борса бўлади.

Мобил иловада ота-оналар учун ҳам янги, ўзига хос хизмат таклиф қилинмоқда. Жумладан, “Болани масофадан назорат қилиш” менюси орқали таълим муассасаларининг турникет, GPS-трекер ва кузатув камералари тизимларига уланиб, фарзандларини назорат қилиши мумкин.

Дарвоқе, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида синов тариқасида жорий этилган “Smart mahalla” ахборот дастурининг бошланғич версияси жорий йил якунига қадар республиканинг барча ҳудудларида татбиқ этилади.

Text to speech