Taftish.uz мухбирининг калтакланганлиги ҳолати юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда
Taftish.uz мухбири Ў.Р. нинг калтакланганлиги ҳолати юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлиги тўғрисида хабар берган эдик. Юқоридаги ҳолат юзасидан 2021 йил 26 июнь куни А.О. га нисбатан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган суриштирув давомида, гумонланувчи А.О. ўзининг кўрсатмаларида, 2020 йил 11 ноябрь куни даласидаги чайлага фуқаро Ў.Р. келиб, ўзини блогер деб таништириб, ногирон фарзандини ижтимоий тармоқ орқали чиқариб, халқдан йиғилган пул маблағларига даволатиш ва уларга уй қуриб беришни ваъда қилганлигини, А.О. таклифни қабул қилгач, Ў.Р. 2020 йил 12 ноябрь кунидан 2021 йил март ойига қадар ногирон боланинг жами 18 га яқин видеороликларини “You Tube” ижтимоий тармоғидаги каналига чиқарганлигини, бироқ ижтимоий тармоқ орқали халқнинг кўмаги билан ўзининг шахсий пластик карточкасига йиғилган пул маблағларидан А.О. нинг оила аъзоларига бермаганлиги сабаб жанжал содир бўлганлигини баён қилган.
Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати