Тарбиявий тадбирлар самара бермоқда
Халқимизда “Гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга”, деган ибора бор. Бу ҳикматнинг замирида олам-олам маъно мужассам. Хато йўлдан кетаётган инсонни панд-у насиҳат билан тўғри йўлга чорлар экансиз, унга гапирган гапларингиз, ўгитларингиз таъсир қилса, муносиб хулоса чиқарса, вақтингиз зое кетмаганини ҳис этасиз. Борди-ю, ҳаракатларингиз бесамар кетиб, қинғир йўлдаги инсон ўз йўлида давом этаверса, сарфлаган вақтингизга ачинасиз.
Билиб-билмай жиноят содир қилган, ҳозирги кунда жазо муддатини ўтаётган шахсларни қайта тарбиялаш, тўғри йўлни танлашларида кўмаклашиш учун соҳа ходимлари ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишяпти. Жумладан, Самарқанд вилояти ИИБ 38-сон манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган шахслар орасида олиб борилаётган профилактик ҳамда тарбиявий тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Улар билан доимий равишда якка ва гуруҳ тартибида суҳбатлар ўтказиб борилади. Ҳар ҳафта сўнгида мамлакатимиз ҳаётида ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар таҳлилномасини маҳкумлар эътиборига етказиш йўлга қўйилган. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар, маҳкумлар қалбида ватанпарварлик, миллий ғурур туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этяпти. Шу билан бирга ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари ҳуқуқий саводхонлик мавзусида дарслар ташкил этилиб, унда суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумотлар бериб борилади. Маънавият соатлари ҳам белгиланган режа асосида олиб борилиб, мавзулар қизиқарли ва тушунарли бўлиши учун мутахассислар жалб этиляпти. Шунингдек, “Пайшанба — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда. Бунда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси, диний идора вакиллари билан йўлга қўйилган мустаҳкам ҳамкорлик айниқса қўл келяпти, десак муболаға бўлмайди. Чунки мавзу доирасида ўтказилаётган қизиқарли суҳбатларнинг ҳаётий мисоллар ва видеофильмлар воситасида олиб борилиши кун тартибидаги мавзунинг таъсирчанлигини янада оширади. Хусусан, жорий йилда ҳам турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолганларнинг аянчли тақдири акс этган видеофильм намойиши кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Қолаверса, тарбиявий тадбирлар билан ҳамоҳанг тарзда уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари, спорт билан шуғулланиб, жисмонан соғлом бўлишлари учун барча шароитлар яратилган. Дам олиш кунлари турли спорт ўйинлари ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланадилар. Колония кутубхонасидан ўрин олган турли мавзулардаги адабиётлар жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, ўзларини қизиқтирган китобларни ўқиб билимларини юксалтиришга хизмат қиляпти. Улар ўқиган китоблари бўйича ўзаро баҳс-мунозаралар қилиб, фикр алмашадилар. Бу ҳам ўша адабиётдан олинган таассуротларни баҳам кўриш ва билимларни мустаҳкамлашнинг ўзига хос омилидир.
Олиб борилаётган тарбиявий-профилактик тадбирларнинг яхши самара бераётгани маҳкумлар тузалиш йўлига ўтгани, меҳнатга бўлган муносабати ва тадбирларда фаол иштирок этиши кабиларда намоён бўляпти. Уларни муносиб рағбатлантириб бориш эса, бошқаларда ҳам ҳавас ва интилишни кучайтиряпти. Масалан, ўтган йилнинг шу давригача колонияда тартиббузар маҳкумлар қарийб 35 фоизга камайишига эришилди. Жорий йилнинг ўтган даврида юз нафарга яқин маҳкумлар муносиб хулқ-атвори, жамоат ишларида фаоллиги билан рағбатлантирилди. Улар орасида ташаккурнома олганлари, илгари қўлланилган интизомий жазоси муддатидан илгари олиб ташланганлари ҳам бор. Қолаверса, инсонпарварлик далолатномаси қўлланилиб, озодликка чиққанлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Ота-боболаримиз ҳам инсонни тарбиялашнинг муҳим омилларидан бири ҳалол меҳнат, деб ҳисоблашган. Колонияда жазо муддатини ўтаётган шахслар ҳам “Файзли Самарқанд” давлат унитар корхонасида ҳалол меҳнат билан шуғулланиб, жамиятга ҳам, ўзларига ҳам фойда келтиришяпти. Айниқса, корхонада ишлаб чиқарилган ғишт маҳсулотлари юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига, кўркам бинолар қад ростлашига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Кези келганда алоҳида таъкидлаш жоизки, асосий мақсад жиноят содир қилган шахсларни жазолаш эмас, тарбиялаш. Уларга қилмишининг хато эканини, оқибатларини чуқур ҳис этишлари ва жамият учун фойдали шахс бўлишларига имкон яратишдан иборат. Бу йўлда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бесамар кетмаяпти.
ИИВ ЖИЭББ Ахборот хизмати