Тойлоқда “Саломатлик учун беш минг қадам” шиори остидаги оммавий юриш марафони давом этмоқда
Жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди.
COVID-19 коронавирус инфекцияси аввало юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларимизнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди. Натижада, бугунги пандемия орамиздан кўплаб фуқароларимизни бевақт дунёдан кўз юмишига сабаб бўлди.
Барчамиз бундан жиддий хулоса қилган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмасликни, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантиришимиз зарур эканлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2020 йилнинг 30 октябрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Тойлоқ туманида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳафтанинг ҳар шанбаси “Спорт куни” деб аталиб, шу куни “Саломатлик учун беш минг қадам” шиори остида оммавий юриш марафони ўтказилиб келинмоқда.
Бугун бўлиб ўтган навбатдаги юриш марафонида мингдан зиёд киши иштирок этди. Мазкур оммавий спорт тадбирида туман корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилиши билан аҳамиятлидир. Туман ҳокимлиги, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Миллий гвардия ва қўриқлаш хизмати, туман Ички ишлар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган оммавий юриш марафонидан сўнг туман марказий ўйингоҳида эрталабки бадантарбия машғулотлари, шунингдек, спортнинг волейбол ва шахмат-шашка тури бўйича мусобақа ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги