ТЎЙ-ХАШАМЛАРНИ ЎТКАЗИШ ВА БОШҚА МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 15 августдан бошлаб оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш (бунда ушбу тадбирларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилган эди.
Қолаверса, кейинги вақтларда тўйлар, оилавий танталар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатларнинг авж олгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу иллатларнинг олдини олиш ҳамда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантиришни ўзида мужассам этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ҳам қабул қлинди.
Белгиланган тартиб-қоидаларга қарамасдан ҳозир ҳам аҳоли орасида тўй-хашамларни, оилавий тадбирларни ўтказишда ортиқча дабдабабозликка йўл қўйиш ҳолатлари учрамоқда.
Куни кеча шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилиш ушбу масалага бағишланди. Унда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, ҳоким ўринбосарлари, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ўз сўзида тўй-хашамларни ўтказиш бўйича ҳозирда белгиланган тартиб- қоидалар барча учун баробарлигини, унга амал қилиш шартлигини, қолаверса мана шундай оммавий тадбирларда айни пандемия даврида ҳар бир инсон ўзининг ва яқинларининг саломатлигига бефарқ бўлмаслигини, шунингдек, бу борада белгиланган тартиб-қоидаларни бузган шахсларга нисбатан чоралар кўрилишини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда аҳолининг ўзини-ўзи банд қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, “темир дафтар”лар сингари шакллантирилган ишсиз ёшлар бўйича алоҳида “Ёшлар дафтари”, ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида “Аёллар дафтари”и ва уларнинг ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш, коммунал тўловлар борасидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Шаҳар Солиқ идораси бошлиғи Д.Ашуров солиқлардаги имтиёзлар, аҳолини камбағалликдан чиқариш борасида, ўзини - ўзи банд қилиш ҳақида сўз юритди.
Йиғилиш сўнгида юқоридагилардан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.