Ҳушёрлик-давр талаби
Каттақўрғон шаҳрида Самарқанд вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маҳаллаларда тинчлик ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Унда Каттақўрғон шаҳар, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай туман Ички ишлар бўлими мутасаддилари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими масъуллари ва профилактика инспекторлари иштирок этди.
Кун тартибидаги мавзу юзасидан билдирилган фикрларда қайд этилдики, ҳушёрлик давр талаби. Лоқайд ва бепарво бўлмасдан ишга масъулият билан ёндошиш зарур. Маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаронинг хонадони, ижтимоий аҳволи атрофлича ўрганилиши керак. Маҳаллага ким келиб кетаяпти, бегона шахсларни назоратга олиш, низоли оилалар, уюшмаган ёшлар билан доимий мулоқотда бўлиш профилактика инспекторининг асосий вазифасидир.
Келтирилдики, юртимизнинг тинчлигини таъминлаш, ватанимизнинг келажаги, унинг хавфсизлиги учун дахлдорлик ҳисси билан яшаш, ҳақиқий эл-юрт ҳимоячиси сифатида шарафли хизматга бел боғлаб, қасамёдига содиқ ҳолда халқимизга садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир ички ишлар органи ходимининг устувор шиори бўлиши зарур.
Ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ҳисобда турган шахслар мунтазам назоратда бўлиши, тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этиш юзасидан қатъий кўрсатмалар берилди. Зеро, оилалар тинч бўлса, маҳалла тинч, юрт обод бўлади.
Йиғилиш якунида ҳар бир маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги тарғибот тадбирларини кучайтириш тўғрисидаги вазифалар белгилаб олинди.