2020 йил 02 август куни соат 11:00 ларда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари Ургут туманининг Ғўс қишлоғи марказида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан хизмат олиб боришган.
Хизмат давомида, Ургут тумани Қуйигузар маҳалласида яшовчи 1980 йилда туғилган С.А.га тегишли бўлган Нексия-2 русумли, автомашина ходимлар томонидан тўхтатилиб, тегишли тартибда текширилаётган вақтида фуқаро норозилик билдирган.
Шу вақтда атрофда бўлган, 31 июль куни тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқарганлиги учун автомашинаси жарима майдончасига вақтинчалик қўйилган 1976 йилда туғилган фуқаро Б.Б. унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган ЙПХ инспекторини кўриб қолиб, аламзадалик билан шу атрофдаги танишларини йиғиб, ЙҲХБ ходимларига бу ерда рейд ўтказмасликларини айтиб, ходимларнинг иш фаолиятидан норозилигини билдирган.
Фуқаролар норозилиги кучайишининг олдини олиш мақсадида, шу манзилда хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимлари воқеа жойидан кетишган.
Ҳолат содир бўлган жойга ҳудудий профилактика инспекторлари етиб бориб, йиғилган фуқаролар билан тушунтириш ишларини олиб боришиб, уларни яшаш манзилларига тарқатишган.
Ҳолат ИИБ раҳбарлари иштирокида Ғўс қишлоғи аҳолиси ўртасида атрофлича муҳокама қилиниб, фуқароларга бугунги кунда ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимнинг асосий вазифаси халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш эканлиги ҳамда махсус комиссия томонидан ўрнатилган карантин чекловлари яна бир-бор тушунтирилди.
Муҳокамада Ғўс тумани фахрий оқсоқоллари сўзга чиқиб, Ғўс қишлоғи аҳолиси ориятли эканлиги, ички ишлар тизими ходимларининг машаққатли меҳнатларини қадрлашлари, тоғли ҳудуд аҳолиси ҳамда ички ишлар ходимлари ҳамжиҳатликда яшаб келаётганликлари, шу вақтгача бу ҳудудларда бирор марта бундай ҳолат содир бўлмаганлиги, бир шахснинг манфаатлари йўлида бу каби ҳолатнинг юзага келгани улар учун уятли ҳол эканлигини таъкидлашди.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан хизмат текшируви тайинланган.
Ижтимоий тармоқнинг айрим сайтларида “ИИБ ходимларининг карантин даврида "жарима режаси"ни бажариш мақсадида қилаëтган хатти-ҳаракатлари норозиликка сабаб бўлган” - деган иддаолари мутлақо асоссиз ҳисобланади.
Самарқанд вилояти ИИБ раҳбарияти қўл остидаги соҳавий хизмат ходимларига ҳеч қандай “жарима режаси”ни бажариш бўйича топшириқ бермаган. Ички ишлар тизими бундай номақбул иш услубидан аллақачон воз кечган. Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси фуқароларга шу каби ҳолатлар тўғрисида маълумотга эга бўлишса, 1102 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини яна бир бор эслатади.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.