29 Апрел 2021 йил 503

Ўтказилган матбуот анжуманида чорак давомида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятлар тўғрисида маълумотлар берилди

Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи А.Ҳалимов иштирокида матбуот анжуманида ўтказилди.

Таъкидланишича, йилнинг дастлабки уч ойида вилоят ҳудудида 1294 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 223 таси оғир ва 71 таси ўта оғир жиноятлар ҳисобланади. Жумладан, 1502 та жиноят маҳалла ҳудудида юзага келган.

– Умумий жиноятлар таркибида ўғирлик 157 та (ўтган йилнинг шу даврида 84 та), фирибгарлик 196 та (ўтган йилнинг шу даврида 149 та) қайд этилиб, кўпайган бўлса, қотиллик (11-8), оғир тан жароҳати етказиш (15-11) 27 фоизга, талончилик (6-3) 50 фоизга, безорилик (19-11) 42 фоизга, номусга тегиш (6-5) 17 фоизга камайди, – деди А.Ҳалимов. – Жиноятчилик кўрсаткичи вилоятимиздаги 1105 та маҳалланинг 61 тасида барқарор, 31 тасида камайди. 828 маҳаллада умуман жиноят содир этилмади. Профилактика инспекторлари томонидан 98 та жиноят фош этилиб, 12 нафар қидирувда бўлган ва 2 нафар бедарак йўқолган шахс аниқланди.

Бу йил Самарқанд вилоятида тажриба тариқасида жиноятга имкон берадиган омилларни бартараф этиш, жиноятга мойил шахсларни тарбиялашга жамоатчилик имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига жамоатчилик баҳосини бериш мақсадида маҳаллаларда “Жамоатчилик кенгаши” фаолияти йўлга қўйилди.

Жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида оила-турмуш соҳасида низоли 217 оиланинг муаммолари ўрганилиб, 243 тасининг нотинчлигига барҳам берилди. 54 та ёш оиланинг ажралиши олди олинди. Шунингдек, йилнинг дастлабки уч ойида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган 4898 нафар фуқаро профилактик ҳисобга олинди.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech