20 Феврал 2021 йил 670

Ҳуқуқ тизимидаги ислоҳатлар

Ҳуқуқ тизимидаги ислоҳатлар.

Жорий йилнинг 20 февраль куни Вилоят прокуратурасида Давлат раҳбарининг 12.02.2021 йилги ҳамда Бош прокуратуранинг 13.02.2021 йилги ҳайъат йиғилишида қайд этиб ўтилган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида, вилоятнинг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари масъуллари иштирокида “суд – ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда амалга оширилаётган ислоҳатлар, уларни ҳаётга татбиқ этишда юзагакелаётган тизимли муаммолар ва уларнинг ечимлари”га бағишланган танқидий муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Ушбу муҳокамада Бош прокуратура марказий студиясидан Бош прокурор ўринбосари С.Артикова, Бош прокуратура тармоқ раҳбарлари, вилоят студиясидан вилоят прокурори Р.Машарипов ва прокуратуранинг масъул ходимлари, вилоят судининг раислари О.Хайитов ва Б.Диёров ҳамда судьялар, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органларининг тергов бўйича масъул ходимлари иштирок этишди.

Тажрибали ходимлар томонидан йиғилиш қатнашчиларига қонунчилигимизга киритилган энг охирги янгиликлар, хусусан, “Бир суд – бир инстанция” тамойилини рўёбга чиқаришда қилинаётган ишлар, назорат инстанциясининг тугатилганлиги, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида ягона суднинг ташкил этилиши ва бундан кўзланган мақсад халқимиз оғирини енгил, узоғини яқин қилиш эканлиги ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбирда суриштирув ва тергов органлари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, уларни бартараф қилиш йўллари ва усуллари, тергов жараёнларида замонавий ахборот технологияларни кенгроқ жалб қилиш ва бу орқали тергов вақтини қисқартириш ҳамда сифатини ошириш юзасидан масъул ходимларга топшириқлар берилиб, вазифлар белгилаб олинди.

Вилоят прокурори томонидан биргина ўтган йилда судлар томонидан 482 нафар судланувчиларнинг қилмишлари ёки умумий жиноят ишларидан (3.667 нафардан) 13,1 фоизининг қилмиши қайта квалификация қилинганлигини қаттиқ танқид қилиб, бу ҳолатларни кескин камайтириш учун терговчилар малакасини ошириш юзасидан ташқил қилинган тизимни қайта кўриб чиқиб, янгича ёндошаувлар асосида ташкил этиш юзасидан масъул шахсларга топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, ўтган йилда туман (шаҳар) судларининг 594 та қарорлари вилоят, 118 та қарорлари эса Олий суд томонидан бекор қилинганлиги, натижада кўплаб фуқароларимиз сарсон бўлаётганлиги, бу соҳадаги фаолиятда ҳам етарлича камчиликлар борлигини дарак бериши айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилиш қатнашчилари ўз иш фаолиятларида юзага келатган муаммоли ҳолатлар юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб батафсил жавоб олишди.

Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад битта эканлиги халқимизни рози қилиш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш эканлиги қайд этиб ўтилди.

Вилоят прокуратураси

Text to speech