12 Март 2021 йил 775

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев ва Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Шухрат Собиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида “Зарбдор ойлик” доирасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволини ўрганди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари  Бахриддин Валиев ва Ички Ишлар Вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Шухрат Собиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида “Зарбдор ойлик” доирасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволини ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Раҳбарлар дастлаб, вилоят ИИБ қошидаги Ситуацион марказ фаолияти билан танишди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ушбу марказни ривожлантириш лозимлиги бўйича ўзларининг таклиф ва тавсияларини беришди. Шундан сўнг, “Зарбдор ойлиги” доирасида Бошқармада тузилган тезкор-штаб фаолияти ўрганилди. Раҳбарлар штаб аъзолари ҳисоботларини тинглаб, йўл қўйилаётган бир қатор камчиликларни кўрсатиб, бу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш лозимлиги бўйича масъулларга топшириқлар беришди. Шунингдек, Бошқармада ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларни жиловлашда "маҳаллабай" амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида, раҳбарлар Оқдарё, Пастдарғом ҳамда вилоятнинг бошқа туманларидаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларга ташриф буюриб, шу ердаги аҳоли билан очиқ мулоқот қилишди. Фуқароларнинг муаммолари тингланиб, уларни бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш борасидаги ишларни кучайтириш бўйича тегишли идора вакилларига тавсиялар берилди. 

Бундан ташқари, Пастдарғом туманидаги ўрганишлар давомида, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Шухрат Собиров туман ИИБга ташриф буюриб, Навбатчилик қисмида юритилаётган китоблар, у ерда яратилган шароитлар билан танишди. ИИБдаги қатор камчиликлар масъулларга кўрсатилиб, қисқа фурсатларда бартараф этилиши бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, вилоят прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев ва Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шухрат Собировлар иштирокида, узоқ йиллар давомида очилмасдан қолаётган жиноятларни фош этиш масалаларига бағишланган танқидий муҳокама ўтказилди. Муҳокамада прокуратура ҳамда ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизмат вакиллари иштирок этишди. Очилмай қолаётган ҳар бир жиноят чуқур таҳлил қилиниб, ишни юритаётган ходимларнинг ҳисоботлари тингланди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш сўнгида, ушбу жиноятларни фош этилиши бўйича аниқ вазифалар ҳамда чора-тадбирлар белгилаш бўйича масъулларга топшириқлар қўйилди.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech