Жомбой туманида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий ватанпарварлик фестивали ўтказилди
“Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида ташкил этилган тадбирда Марказий ҳарбий округ Самарқанд гарнизони хизматчилари, миллий гвардия, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқарма ва бўлимлари вакиллари, туман жамоатчилиги вакиллари қатнашди.
Тадбир қатнашчилари ҳарбий юриш билан туман марказий стадионида жам бўлди.
Туман ҳокими Қ.Собиров Ватан ҳимоячиларини байрам билан табриклади ва уларнинг жасорати ҳақида сўз юритди.
– Ватан ҳимоячиси деганда, аввало, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади, – деди ҳоким. – Улардан ўтиб келаётган мардлик, жасорат, Ватанга садоқат каби туйғулар Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган мард ва жасур ўғлонлар қонида оқаётганига ишончимиз комил.
Тадбирда Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш йўлида ҳалок бўлган жомбойлик ҳарбий хизматчилар – Муроджон Тожиев, Норбек Қодиров, Келдиёр Холматов, Шуҳрат Жумановнинг жасорати ёдга олинди.
Самарқанд гарнизони қошидаги маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестрининг чиқишлари намойиш этилди.
Фестиваль давомида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, офицер ва сержантлар туман ҳокимлигининг ташаккурномаси, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Туман ҳокими ва бошқа масъуллар хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хонадонида бўлиб, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олди. Қаҳрамон ҳарбийларнинг фарзандларига байрам совғалари топширилди.