20 Апрел 2024 йил 1090

ИИВ Самарқанд академик лицейи «Жалолиддин Мангуберди авлодлари» спартакиадаси ғолиби

Жорий йил Ички ишлар вазирлиги Академик лицейлари ўртасида ўтказилган «Жалолиддин Мангуберди авлодлари» спартакиада мусобақасига Самарқанд мезбонлик қилди.

Ушбу мусобақа ўқувчи ёшларни келажакда Ватанга садоқат, бурчга масъулият, касбий билим ва кўникмаларини ошириш, жанговар шайлигини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2024 йил 24 январдаги “Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари ўқувчилари ўртасида “Ҳуқуқшунослик” фан олимпиадаси ва “Жалолиддин Мангуберди авлодлари” спартакиада мусобақасини ташкил этиш тўғрисида”ги 25-сон Фармойиши талаблари асосида бўлиб ўтган мусобақалар жараёнларида ўқувчиларнинг ҳуқуқшунослик фанлари бўйича билимларини ошириш ҳамда улар ўртасида спортни кенг тарғиб қилишга бош мақсад сифатида қаралди. 

“Ҳуқуқшунослик” фан олимпиадаси 28-30 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди, “Жалолиддин Мангуберди авлодлари” спартакиада мусобақаси эса 15-19 апрель кунлари Самарқандда юқори савияда ўтказилди.

Самарқандда ўтказилган спартакиада мусобақасини дастлаб ИИВдан ташриф буюрган раҳбар-ходимлар кириш сўзи билан очиб, барча иштирокчиларга омад ва зафарлар тилади. Ўқувчиларни эса келажакда ҳақиқий ватанпарвар, фидойи юрт посбонлари бўлиши, қолаверса халқаро миқёсида бўлиб ўтадиган барча мусобақа ва танловларда ҳам фаол қатнашиб, муносиб ўринларга эга бўлишда ишонч билдирди. 

Шундан сўнг мусобақаларга старт берилди. Бир-биридан қизиқарли шартларда республикамизнинг барча вилоятларидан келган ўқувчи ёшлар дўстона беллашишди. Ҳар бир жараён ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланиб борилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, водий ва воҳа вилоятлари бор ғайрати билан ўз маҳорат ва кучларини синовдан ўтказишди. “Ғалвир сувдан кўтарилганда” ҳақиқий кучлилар намоён бўлди.

Тўсиндан тортилиш йўналишида фарғоналик ёшлар ташаббус кўрсатган бўлса, Куч ишлатиш йўналишида самарқандликлар пешқадамликни қўлдан бермади. Макаров тўппончасини тўлиқсиз қисмларга ажратиш йўналишида ўғил болалардан Самарқанд вилояти, қизлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилояти ёшлари ғолиб бўлган бўлган бўлса, Граната улоқтириш йўналишида ўғил болалардан фарғоналиклар, қизлар ўртасида эса наманганликлар барчани доғда қолдирди. Енгил атлетика йўналишида андижонлик ёшларнинг қўли баланд келган бўлса, Мини футбол йўналишида мезбон жамоа ҳаммадан ўзиб кетди. Айниқса кўп кураш йўналиши анчагина баҳс-мунозараларга бой бўлди. Муросасиз кечган жараёнлардан сўнг бу йўналишда Самарқанд вилояти ўқувчилари энг кучли эканлигини намоён этишди. Спорт  турлари бўйича умумжамоа ҳисобида ҳам марра самарқандликларники бўлди. 

Мусобақа давомида ИИВ Самарқанд Академик лицейи ўқувчилари, вилоят ИИБ ТВБСО ходимлари ҳамда Кинология хизматининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилиб, иштирокчиларнинг маданий ҳордиқ чиқариши ҳам таъминлаб берилди.

Мусобақа якунида ғолиблар тантанали равишда тақдирланди. Бу каби юксак савиядаги тадбирлар ўқувчиларда ўзгача таасурот қолдириши табиий, чунки бу каби спартакиадалар келгусида ёшларни янада зукко, фаол ва кучли бўлишга чорлайди.

Text to speech