1 Октябр 2025 йил 233

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Тохир Ариповнинг байрам табриги

Қадрли устоз ва мураббийлар, муҳтарам фахрийлар!

Аввало, Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбдан самимий муборакбод этаман.

Барча соҳа мутахасиссислари қаторида, ички ишлар органлари ходимларини камол топтирган, уларга таълим-тарбия берган ва ҳозирги кунда ҳам меҳнатларини аямаётган азиз устозларга ҳурмат-эҳтиромимни билдираман.

Устоз бу – фидокорлик рамзи ва йўл кўрсатувчи раҳнамодир. Сизлар ўз шогирдларингизга китобларда ёзилмаган ҳаёт дарсларини ўргатасиз. Фақат фан эмас, ахлоқ, одоб, ватанпарварлик, инсонпарварлик каби улуғ фазилатларни ҳам шогирдларингиз қалбига сингдирасиз.

Сизнинг машаққатли меҳнатингиз, сабр-тоқатингиз, билимингиз ва меҳрингиз туфайли бугун жамиятимиз тараққий этмоқда, ёшларимизнинг келажаги порлоқ бўлмоқда. Ички ишлар соҳаси фахрийларининг бой ҳаётий ва касбий тажрибалари ёш ходимлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. 

Азиз устоз ва мураббийлар!

Сизларни Самарқанд вилояти ИИБ жамоаси номидан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, юрт посбонлари, эл қалқонларини улғайтиришдек эзгу фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

Тохир Арипов,

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 

генерал-майор

Text to speech