2023 йил якунлари жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида 2023 йил якунлари жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Рахмат Маматов очиб, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида маълумот берди.
Барча соҳалардаги жиноятларнинг аксариятини олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил этади. Бу борада бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари ҳамда тегишли соҳавий хизмат раҳбарларининг масъулиятсизликка йўл қўйганлиги раҳбар томонидан таъкидланди.
Содир этилаётган оғир ва ўта оғир жиноятларнинг катта қисмини оила турмуш доирасидаги жиноятлар ташкил қилаётганлиги, айрим раҳбар ва ходимларнинг масъулиятсизлиги, фуқароларнинг низоларини ўз вақтида ижобий ҳал этмаслиги оғир оқибатларга олиб келаётганлиги айтилиб, жиноятлар профилактикасини талаб даражасида олиб бориш юзасидан бир неча маротаба огоҳлантирилганига қарамай ишлар сустлигича олиб борилаётгани кескин танқид қилинди.
Жиноят турларидан тан жароҳати етказиш, ўғирлик, фирибгарлик, безорилик, шунингдек, ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар етарли даражада ташкил қилинмаганлиги сабабли бу борадаги рақамлар салмоғи ортиб бораётганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Таҳлиллар асосида масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйиб келган бир қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан тегишли интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Йиғилиш давомида ҳар бир раҳбар ва ходим хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси, ватанига ва халқига садоқат билан хизмат қилиши энг олий бурч эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Муҳокама сўнгида, келгусида вилоят ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий тадбирлар, ҳар бир йўналиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.