30 Октябр 2024 йил 6162

“25-октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни” байрами ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги байрами муносабати билан Самарқанд вилояти ИИБда тантанали тадбир ўтказилди

Мана 33 йилдирки, ички ишлар ходимлари эл-юрт хизматида. Халқимизнинг осуда, эмин-эркин шод-хуррам ҳаёт кечиришида қасамёдига содиқ ҳолда ўз хизмат постида вазифаларини сидқидилдан адо этишаяпти. Юрт посбонлари, тинчлигимиз қалқонларининг машаққатли меҳнатларини доимо юксак қадрлаймиз. Вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган байрам тадбирида бу алоҳида эътироф этилди.

Инсоннинг туғилган жойи хоҳ саҳро, хоҳ боғу-бўстон бўлсин ўзи учун Ватан деб номланган тупроқни ҳар томонлама обод ва озод асраш,  ҳимоя қилиш нақадар олий ва муқаддас бурч, балки ўз ўрнида шараф ҳамдир. Юрт тинчлиги, ҳудудлар осойишталигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўлида қатъият, матонат ва сергаклик билан хизмат қилаётган ички ишлар оргналари ходимларининг меҳнати таҳсинга сазовор. Касб байрами муносабати билан вилоят ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган бир гуруҳ тантанали тақдирландилар. Бугун бу мукофотлар тантанали тарзда топширилмоқда.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасида давлатимиз мадҳияси билан бошланган  тантанали тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят прокурори, сектор раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари ҳамда шахсий таркиб ходимлари иштирок этди. Бошқарма бошлиғи полковник Раҳмат Маматов Президентимиз раҳбарлигида юртимизда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини такомиллаштиришнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Тинчликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдек масъулиятли ва шарафли хизматни адо этаётган соҳа ходимлари меҳнати эътироф этилди. Фахрийларга ҳурмат эҳтиром кўрсатилди. Вилоят ҳокими соҳа ходимларининг фидокорона хизматлари олқишга муносиб эканлигини таъкидлаб, бир гуруҳ ходимларга ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди.

25-октябрь ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан  Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фармонига кўра, кўп йиллик самарали фаолияти, қонунийликни таъминлаш борасидаги алоҳида хизмати учун 2 нафар ходим подполковник  Жўрабек Муродов  “Жасорат”,  подполковник Фаррух Индиаминов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шунингдек, бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғига мувофиқ фаол ва ташаббускор бир гуруҳ ходимлар ҳам муносиб тақдирландилар.

Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилишни олий саодат ва юксак ғурур деб билган, ўз ороми ва ҳаловатидан кечиб эл осойишталигини таъминлаётган соҳа ходимларининг фидокорона хизматлари сабаб юртимизда тинчлик ва осойишталик барқарор.  Президентимизнинг сўнгги йилларда барча маҳаллаларда хавфсиз, тинч ва осойишта муҳит яратиш, ҳудудларда илғор тажриба ва амалиётларни жорий этиш бўйича муҳим натижалар қўлга киритилаётганини таъкидлаш лозим деган сўзлари ҳам соҳа ходимлари ўз касбига масъулият билан ёндошаётганлигининг ёрқин ифодасидир.

Тантанали тадбир сўнгида меҳмонларнинг табрик сўзлари эшитилди ва тантанавор оркестр садолари янгради.

Text to speech