9 май – Хотира ва қадрлаш куни. Байрам арафасида вилоят ИИБ бошлиғи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президент табригини етказди.
Уруш мусибатлари,
орадан 79 йил ўтган бўлса-да, қалбларда битмас-туганмас оғриқлар билан эсга олинади.
Миллионлаб инсонлар бошига етган уруш бугунги авлодлар зиммасига тинчлик-осойишталикни
асраб-авайлаш масъулиятини юклайди.
Бугун Ургут туманида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан биргина инсон – Испанзалик Бўрон Гадоев биз билан ҳамнафас ҳаёт кечирмоқда. 100 ёшдан ошаётган отахон тинчликни қадрият деб билади ва бошқаларни ҳам шунга ундайди.
Бугун вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов, туман ҳокими Ботир Жабборов, Мудофаа ишлари бошқармаси, Миллий гвардия, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бошқа ташкилотлар вакиллари Б.Гадоевнинг хонадонида бўлдилар.
Уруш фахрийсига давлатимиз раҳбарининг табриги ўқиб эшиттирилди. Президентимизнинг фармонига мувофиқ, Бўрон отага 20 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти тантанали равишда топширилди.
Отахон давлатимизга, Президентимизга миннатдорлигини билдириб, тинч-осуда кунларимиз бардавом бўлишини тилаб, дуога қўл очди.