28 Июл 2025 йил 2308

Ургутда ёшлар билан очиқ мулоқот: муаммолар тингланди, ечимлар белгиланди

Ургут туманида ёшлар билан ишлаш борасида тизимли ва манзилли ишлар олиб борилмоқда. Шунинг ёрқин намунаси сифатида, туман Ички ишлар бўлими раҳбарияти томонидан ўтказилган навбатдаги учрашувни келтириш мумкин. Унда туман ИИБ бошлиғи подполковник Маъруф Кузиев шахсан ўзи ҳудуддаги бириктирилган ёшлар билан очиқ мулоқот олиб борди.

Учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган муаммолар, таклиф ва мулоҳазалар диққат билан эшитилди. Ҳар бир масала юзасидан аниқ ва манзилли ечимлар ишлаб чиқилди. Йиғилишда шунингдек Туман ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати профилактика инспекторлари, пробация бўлими ходимлари ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими мутасаддилари ҳам фаол иштирок этдилар.

Муҳими, ёшларнинг бандлиги, уларни иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунга мувофиқ, мутасадди идоралар вакиллари томонидан ҳар бир ёшга нисбатан аниқ иш режаси тузилиб, амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вазифалар белгиланди. Айрим муаммолар учрашувнинг ўзидаёқ ҳал этилиб, қолганлари бўйича масъуллар аниқланиб, ижроси белгилаб берилди.

Ёшлар ва уларнинг оила аъзолари томонидан билдирилган мурожаатлар туман ИИБнинг ташкилий бўлими томонидан назоратга олинди. Учрашувнинг асосий мақсади ёшлар билан мулоқотни кучайтириш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб, ижобий ҳал этишга кўмаклашишдан иборат бўлди.

Бу каби учрашувлар ёшларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ишончини ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Text to speech