28 Август 2024 йил 1099

АФРОСИЁБ – САМАРҚАНД ШАҲАР ТАРИХИ МУЗЕЙИ

Юртимиз музейлари диёримизнинг кўп асрлик тарихи, унинг дунё тамаддунида тутган ўзига хос ўрни ҳақида сўзлаб туради. Самарқанд шаҳрининг шимоли-шарқий қисмида, дунёдаги энг йирик археологик ёдгорликлардан бири бўлган қадимий Афросиёб шаҳри яқинида жойлашган  Афросиёб  музейи  шулар жумласидандир. 

Афросиёб – Самарқанд шаҳар тарихи музейи 1970 йилда ташкил этилган. Музей қадимий Афросиёб шаҳарчасида – Самарқанднинг мўғуллар истилосигача бўлган қисмида жойлашгани учун ҳам шундай номланган. Бу ерда асосан Афросиёб тепаликларида олиб борилган археологик тадқиқотлар давомида топилган ноёб топилмалар  сақланади. Улар орасида оссуарийлар, қадимги пичоқлар ва бошқа кесувчи асбоблар, ўқлар, тангалар, сопол идишлар, қўлёзмалар ва қадимий китоблар, ҳайкалчалар ва бошқа қадимий буюмлар қолдиқларидан иборат 20 мингдан ортиқ осори атиқалар бор. Тарихий аҳамияти юқори бўлган ушбу маскан айни дамларда нафақат юрдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.  

– Самарқанд шаҳрининг қадимги даври ёритилган мазкур музей кўргазмаларини таъмирлаш  ишлари 1980–1990-йилларда, кейинчалик 2007- йилларда қисман амалга оширилган эди, – дейди тарих фанлари номзоди, Самарқанд  давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги Самарқанд тарихи – Афросиёб музейи мудири Самариддин Мустафоқулов. – Кейинги икки йилда Жанубий Корея Республикасининг Маданий мерос администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ўртасида имзоланган «Ипак йўли маданий меросини тадқиқ этиш ва сақлаш» меморандуми доирасида музейнинг биринчи қаватида жойлашган кўргазмалар капитал реэкспозиция қилинди. Бундан кўзланган мақсад – Ипак йўли маданий меросининг сақланиши ва тадқиқ этилиши бўйича маълумот ҳамда кўникма алмашинуви, археологик тадқиқотлар орқали туризмни ривожлантиришдир. 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА 

Text to speech