Ахборот хизмати: Очиқлик ва шаффофлик устувор мезон
Дунёда
касблар кўп. Ҳар бирининг ўзига хос қийинчиликлари бор албатта. Журналистика
ҳаёт кўзгуси, журналист эса жамиятнинг виждони. Ҳамма замонларда ҳам журналистлардан
очиқлик, холислик, шаффофлик, тезкорлик талаб этилади. Журналист фаолиятини
одиллик принциплари асосида олиб бориши, таҳлилий-танқидий ёндашувлар асносида
давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк бўла олиши давр тақозоси.
“Тўртинчи
ҳокимият” деб аталувчи журналистика бугун тубдан ўзгарди. Соҳанинг бугунги кун
мезонлари кечаги кундан тубдан фарқ қилади. Жамиятдаги ҳар бир воқелик, жараёнлар
журналистнинг синчков нигоҳидан, ўткир қалами нишонидан четда қолмайди. У доимо
камчиликлар, муаммолар, халқнинг дарду ташвишини бартараф этиш илинжида бўлади.
Чунки журналист кўнгил одами. Бошқа касб эгалари маълум вақтда ишини тугаллаб
уйига бориб хотиржам дам олса, журналист ишини тугатиб, уйига қайтгач ҳам
миясида турли фикрлар, мақоланинг таъсирчанлигини ошириш, тайёрлаётган кўрсатувнинг
мазмундорлигини бойитиш ҳақида ўйлайди.
Телевидение,
радио ва матбуот қаторида интернет журналистикаси ҳам тараққий этиб
бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Улар қаторига соҳавий матбуот хизматлари
фаолиятини ҳам киритиш мумкин. Барча қулайликлар, замонавий медиа имкониятлари
яратилган соҳавий ахборот хизматлари тизимнинг имиджини ошириш, аҳолига тезкор
ва кенг маълумотлар етказишда пешқадам бўлаётганлиги ҳам эътирофлидир.
Самарқанд
вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати ходимлари ҳам тизимдаги
ўзгаришлар, давлатимиз раҳбарининг бу борада олиб бораётган ислоҳотлари,
қонунчиликдаги фармон ва қарорлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда, уларнинг
соҳадаги янгиликлардан хабардорлигини оширишда доимо изланишда.
Ҳар бир соҳада олиб борилаётган ислоҳот ва янгиликларни оммага кенг
тарғиб қилиш, унинг медиа макондаги имиджини оширишда матбуот хизматининг ўрни беқиёс. Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси
Ахборот хизмати томонидан тизимдаги ўзгаришлар, ходимларнинг жиноятчилик ва
турли ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга ошираётган ишлари, хизмат
фаолияти тўғрисида туркум кўрсатувлар
тайёрланиб, мунтазам эфирга узатилмоқда.
2022 йилдан буён "Осойишталик йўлида" кўрсатуви ҳар ҳафтанинг шанба куни
бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ва вилоят телевидениясида
эфирга узатилади. Унда тизимдаги янгиликлар, жараёнлар, тезкор воқеа-ҳодисалар
хабар ва репортаж тарзида ёритилади. Бугунги кунга қадар кўрсатувнинг 200 дан
ортиқ сони эфир юзини кўрди.
2023 йилдан "Суҳбат плюс" кўрсатуви ҳам тайёрланиб хизмат
фаолиятида ташаббускор, соҳада самарали меҳнат қилаётган ходимлар меҳнати
эътироф этилди. 2024 йилдан яна бир кўрсатув тайёрланиб эфирга узатилмоқда.
Яъни "Шарқ гавҳари"
кўрсатувида Ички ишлар бошқармаси, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси
ходимларининг тарихий обидаларда сайёҳларга кўрсатаётган хизмат фаолияти ҳақида
ҳикоя қилинади. Шунингдек, ҳар ойда бир марта “Ходимнинг бир куни” номли
кўрсатув ҳам матбуот хизмати томонидан
тайёрланиб келинмоқда. Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати журналистлар билан доимий ҳамкорликни йўлга
қўйган. Жамоага ҳақиқий профессионал
ходимлар, малакали журналистлар, PR мутахассислари жалб қилинган. Ўтган
йиллар мобайнида матбуот хизматининг
моддий-техник базаси зарурий техник жиҳозлар билан бойитилди.
Яратилган бундай қулай шароитлар эса фаол ва фидокорона меҳнат қилиш билан бирга
юртимизнинг ошкоралик рейтинглардаги ўрнини юксалтиришга хизмат қилади, соҳани
халққа яқинлаштиради.
Умида Мамадалиева, журналист