Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш мавзусида давра суҳбати ўтказилди
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида “Ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноятларни олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Баходир Ахмедов раҳбарлигида ўтказилди. Унда ИИВ Академиясининг кундузги таълим 1-2-курс курсантлари, Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси масъул ходимлари ҳамда университет филиали талабалари фаол иштирок этди.
Давра суҳбати давомида ахборот технологиялари тез суръатларда ривожланаётган ҳозирги замонда улардан фойдаланиш жараёнида юзага келаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноят турлари, уларнинг олдини олиш, профилактика тадбирларининг аҳамияти, кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчиликнинг ҳамкорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари, хусусан, талабалар учун бугунги кунда ахборот маконида хавфсизликни таъминлаш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва интернетда масъулиятли фойдаланиш маданиятини шакллантириш каби масалалар юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шу каби давра суҳбатлари ёш авлодни ҳуқуқий билимлар билан қуроллантириш, уларда жиноятчиликка қарши онгли муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.