Аҳоли муаммоларига эътибор қаратиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳнинг Самарқанд вилоятида ўрганиш ишлари давом этмоқда
Аҳоли муаммоларига эътибор қаратиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳнинг Самарқанд вилоятида ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Вазир ўрганишлар давомида Оқдарё, Паст Дарғом ва Ургут туманларида бўлди.
Оқдарё туманидаги Кумушкент маҳалласида жойлашган 32-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг ёзги таътилни мазмунли ўтказишлари мақсадида ташкил этилган 16 йўналишдаги тўгараклар фаолияти билан танишди.
Шунингдек, вазир тумандаги “Pichoqchi dry fruits” агро логистика марказида ҳам бўлди. “Пичоқчи” МФЙ бешлиги билан суҳбатда бўлиб, уларнинг маҳаллани хавфсиз, жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги ҳисоблари тингланди.
Оқдарё тумани “Чорбоғ” МФЙда жойлашган картошка уруғларини кўпайтириш бўйича иссиқхона фаолияти ҳам вазир эътиборидан четда қолмади.
Паст Дарғом туманидаги ўрганишлар доирасида “Камалак инвест текстиль” корхонасида “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир дафтар”ларида турувчи ишсиз фуқароларнинг иш билан таъминланганлигини, уларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
Вазир Ургут тумани “Хўжагузар” МФЙда хотин-қизлар фаоли Мавлуда Ҳамдамованинг яшаш хонадонида ташкил этилган ҳунармандчилик кўргазмаси билан танишди. Туманнинг “Ўрамас” МФЙдаги “Sam-Feri” МЧЖда дафтарларга киритилган фуқароларнинг иш билан бандлиги ҳамда сектор раҳбарларининг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги тақдимоти тингланди.
Ўрганишлар давомида вазир мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берди.