“Бир бўлсак-ягона халқмиз, бирлашсак Ватанмиз!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди
Шундай кунлар бўладики, улар мазмун-моҳиятига кўра ойлар, йилларга, ҳатто
асрларга тенглашади. Миллат, жамият, бутун бир мамлакат, неча-неча авлодлар
тақдирини, бахтли ҳаёт йўлини белгилаб беради. 1991 йилнинг 1 сентябри
Ватанимиз тарихи солномасида худди шундай мўътабар кун сифатида муҳрланиб қолди
— шу санадан эътиборан мамлакатимиз ўз мустақиллиги, эркинлигини тантана қилиб
келади.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасида “Бир бўлсак-ягона халқмиз, бирлашсак
Ватанмиз!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Бошқарма бошлиғи ўринбосарлари ва шахсий таркиб
ходимлари иштирокида ўтказилган тадбир аввалида давлатимиз мадҳияси янгради. Тантанали
тадбирда бошқарма бошлиғи Раҳмат Маматов
сўз олиб барчани мустақилликнинг ўттиз уч йиллиги билан табриклаб, мамлакатимизда
жамият ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш
борасида кенг кўламли ишлар олиб борилганлигини эътироф этди.
Байрам тадбири доирасида ички ишлар соҳасида
фидокорона хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди.
Мукофотларни бошқарма бошлиғи тантанали тарзда топширди. Ватан равнақи, юрт
ободлиги йўлида олиб бораётган масъулиятли, машаққатли ва шарафли касбида
муваффақиятлар забт этишига тилак билдирилди.
Тадбир доирасида ходимларнинг миннатдорчилик сўзлари
эшитилди. Ўз хизмат бурчини фидойилик билан адо этиш, билдирилган юксак ишончни
оқлашлари айтилди.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин, истиқлол қуёши мангу
порласин! Байрам тантанаси ана шундай тилаклар билан якунланди.