Бошқарма бошлиғи йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан йигилиш ўтказди
Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматов йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан йигилиш ўтказди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда дастлаб ўтган давр мобайнида вилоят ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, жумладан, одам ўлими ҳамда тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ишлари, йўл қўйилган хато ва камчиликлар муҳокама қилинди.
Тизимда хизмат олиб бораётган ходимларнинг ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши, ҳар бир ЙПХ инспекторининг виждонан ва адолатли иш олиб бориши тўғрисида фикрлар билдирилди.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш, таъмагирликка йўл қўймаслик, белгиланган тартиб ва меъёрларни бузмаслик тўғрисида ҳам танқидий ва асосли фикрлар айтилди.
Бундан ташқари, йўлларда тартиббузар ҳайдовчиларни камайтириш, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланаётган автоуловларни тартибга солиш, ҳаракат хавфсизлигига рахна солаётган ҳар қандай ҳолат ва қўпол қоидабузарлик содир этаётган ҳайдовчиларни маъмурий жазога тортиш, энг асосийси фуқаролар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ олдини олиш юзасидан топшириқлар берилди.