Булунғур тумани "Мингчинор" маҳалласида яшовчи Х.Рахимованинг ижтимоий тармоқ орқали қилган мурожаати юзасидан
Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотга асосан, Булунғур туман деҳқон бозори ҳудудида такси автомашина ҳайдовчиларидан пул маблағларини ноқонуний равишда ундириб келаётган бир гуруҳ шахслар қўлга олиниб, уларнинг икки нафарига жиноят иши, олти нафарига нисбатан эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Маъмурий қамоқ жазоси тайинланганлар орасида мурожаатчи Х.Рахимованинг акаси 1981 йилда туғилган Ш.Хакимов ҳам борлиги, акасига нисбатан суд томонидан тайинланган маъмурий қамоқ жазосидан норози бўлиб, Х.Рахимова 29 январь куни туман ИИБ маъмурий биносига келиб, назорат ўтиш постида хизмат олиб бораётган ходимларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлиқ қилиб, акасини ноҳақ айблаганликларини рўкач қилиб, ходимларига нисбатан турли ҳақоратомуз сўзларни ишлатган.
Ходимлар томонидан Х.Рахимовага ушбу ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зидлиги тушунтирилишига қарамай, фуқаро бақир-чақир қилишда давом этганлиги сабабли унга нисбатан МЖтКнинг 194,195-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шундан сўнг, фуқаро Х.Рахимова турли баҳоналарни рўкач қилиб, ўзининг ИИБ биносида қилган хатти-ҳаракатларидан қўрқиб, келгусида унга жазо қўлламасликлари мақсадида тиббиёт бирлашмасига "ИИБ ходимлари менга нисбатан куч ишлатди" - деб мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан ходимларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати