27 Декабр 2021 йил 1898

Булунғурда товламачилик билан шуғулланиб келаётган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

Самарқанд вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан Булунғур тумани марказида жойлашган “Булунғур деҳқон бозори” ҳудудида икки нафар шахсларнинг фуқаролардан лицензиясиз киракашлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги учун доимий равишда товламачилик йўли билан пул талаб қилиб келаётганлиги тўғрисида маълумот олинган.

Мазкур ҳолат бўйича 2021 йил 23 декабрь куни Булунғур тумани “Булунғур деҳқон бозори” олдида Самарқанд вилояти ИИБ ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда фуқаро И.К., И. исмли шахсдан кунлик талаб қилиб келаётган 40 000 сўм пулларни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Фуқаролар И. К. ва А.К. лар Булунғур туман ИИБга олиб келиниб, холислар иштирокида ён чўнтаклари кўздан кечирилганда чўнтакларидан тадбир учун ишлатилган махсус ишлов берилган пуллар эканлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Шунингдек, И. К. ва А.К. лар билан олиб борилган суриштирув ишлари давомида, улар “Гулбаҳор опа транс” МЧЖ ходимлари 17 та такси автомашиналарига рухсати бўлишига қарамасдан, 100 га яқин такси автомашиналардан кунлик 40 минг сўмдан пул маблағларини ноқонуний равишда ундириб, МЧЖнинг раҳбари Х.Г.га бериб келишини ва ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб келаётганлигини маълум қилди.

Суриштирув ишлари давомида, ушбу “Гулбаҳор опа транс” МЧЖда пул териш ишлари билан шуғулланувчи яна 3 нафар фуқаролар Х.Ш., Ҳ.С. ва Б. А. лар аниқланиб, туман ИИБга олиб келинди.

Бундан ташқари, ўтказилган тезкор тадбир давомида, Булунғур тумани марказида жойлашган бекатларда пул йиғиш билан шуғулланувчи Дж.Б. билан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, у “Баҳора авто йўловчи” ХКда ишлашини ва йўналишига қараб кунлик “стоянка” хаққи учун ҳар бир автомашинадан кунлик 2 минг сўмдан 4 минг сўмгача, лицензиясиз фаолият олиб боришлари учун эса ҳар бир автомашина эгасидан кунлик 20 минг сўмдан 50 минг сўмгача нақд пул маблағларини териб олишини ва жамият раҳбари Э.А. га топширишини маълум қилган.

Шундан сўнг, “Баҳора авто йўловчи” ХК директори Э.А. ушланиб, шахсий тинтув қилинганда, унинг ёнидан такси автомашиналарини ёзиб борувчи дафтар, ручка ва 670 минг сўм пуллар борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолатлар бўйича олиб борилаётган терговга қадар текширув давомида, И.К. ва укаси А.К. лар бир гуруҳ бўлишиб, 2021 йил 28 август куни соат 13:30 ларда жамоат жойи ҳисобланган Булунғур тумани “Меҳржон” маҳалласи ҳудудида жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ нормаларига зид равишда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ҳеч бир сабабсиз фуқаро Д.Р. нинг танасининг турли соҳаларига уриб-дўппослашиб, унга тан жароҳати етказишганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан И.К. ва А.К. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми “в” банди ва
277-моддаси 2-қисми “б” банди билан билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар ЖПКнинг 221-моддаси тартибда ушланган.

Тадбирнинг қолган 6 нафар иштирокчиларига нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech