Чет эллик талабалар билан давра суҳбати ўтказилди
Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 4-июндаги “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига асосан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши ҳамда транзит ҳаракатланишини назорат қилиш ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши белгиланган.
Самарқанд вилояти ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқароларига мазкур қоидаларни батафсил тушунтириш ва тарғибот қилиш мақсадида Самарқанд давлат Тиббиёт университетида давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур давра суҳбати хорижий давлатлардан келган ўқитувчи ва талабалар ҳамда уларни қабул қилган шахслар билан “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига риоя этиш ва уларни бузганлик учун жавобгарлик” мавзусида ўтказилди.
Давра суҳбати давомида ўртага ташланган масалалар хорижий давлатлардан келган ўқитувчи ва талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Вақтинча рўйхатдан ўтиш, виза тизими ва турлари, уларнинг муддатлари, қоидалар бузилган тақдирда қандай чоралар кўрилиши, энг асосийси чет эл фуқароларига юртимизда яратилган енгилликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир сўнгида бир неча хорижий фуқароларга вақтинча рўйхатга қўйилганлиги ҳамда виза муддатлари узайтирилганлиги тўғрисида бланкалар тарқатилди ва эсдалик совғалари топширилди.