4 Май 2024 йил 1123

Ёшлар ҳар бир мамлакатнинг келажаги ва эртанги кун пойдеворидир

Бугун  ёшлар учун яратилаётган шароитлар уларни ўқиш-ўрганиш, доимий изланиш, илм-фан, тараққиёт чўққиларини эгаллашга бўлган қизиқишларини оширмоқда.

 

Ёшлар тараққиётнинг буюк кучларидан биридир. Улар учун барча имкониятлар эшиги кенг. Ургут туманидаги 154-умумтаълим мактабида вилоят 3-сектор раҳбари ва ёшлар иштирокида ўтказилаётган тадбир доирасида бу жиҳатлар ўз ифодасини топмоқда.

 

Кенг кўламли ва ранг-баранг тадбир кун тартибидан махсус ҳарбий техникалар, ҳунармандчилик ва расмлар кўргазмаси, спорт мусобақалари, китоб тақдимоти ва театрлаштирилган томошалар ўрин олган. Тадбир ёшларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини шакллантириш, уларни китобхонликка, спорт ва санъатга бўлган қизиқиишларини ошириши билан аҳамиятли бўлмоқда.

 

Дастлаб ёшлар тумандаги Ургут Эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, бу ердаги шароитлар, ишлаб чиқариш жараёнлари  билан танишдилар. Пробатсия назоратида турган 5 нафар шахсларнинг доимий иш билан бандлиги таъминланди.

 

Шундан сўнг тадбир тантанавор ҳарбий оркестр садолари билан бошланди.

 

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари, Раҳмат Маматов ва Ургут туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмалар билан танишар экан, мавжуд имкониятлар ёшларнинг ютуқлари, муваффақиятлари билан самара бериши лозимлигини таъкидлашди.

 

Бошқарма бошлиғи китобсевар ёшларга бадиий китоблар жамланмасини туҳфа этди. Ўқувчилар мактаб фаолияти ва бу ерда яратилган шароитлар хусусида инглиз, рус тилларида гапириб беришди.

 

Ўзаро мулоқот чоғида ўқувчиларга юртни севиш, илмга интилиш, кўнгилда ватанпарварлик туйғуси устун бўлиши лозимлигини таъкидлади.

 

5 нафар ёшларга ИД-карталари топширилди.

 

Интизор Абдусатторовага эса Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат берилди.

 

Ҳаваскор ёш рассомларнинг ижодий ишлари олқишланди. Ижро этилган бадиий-мусиқий рақслар, қўшиқлар йиғилганлар қалбига кўтаринкилик улашди.

 

Бошқарма бошлиғи спортчи ёшлар билан мулоқотда муваффақият сирлари, ғалабага интилиш хусусида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Волейбол мусобақалари дўстлик ўйинларига айланди.

 

Ёшлик эртанги кун учун янги режалар, илм-фан чўққиларини эгаллаш учун берилган имкониятдир. Келажак бунёдкорлари шунга мувофиқ доимо ҳаракатда бўлмоғи зарур.

 

Раҳбар ва ёшлар учрашувида Динара Худойназарова ички ишлар йўналишида таҳсил олиш истаги борлигини билдирган бўлса, Райҳона Хурсанова тикувчилик фаолиятини бошлаши учун кредит ажратишда, СамДУ талабаси Иброҳим Абдумўминов эса тўлов- шартнома пулини тўлашда амалий ёрдам беришни сўради.

 

Мурожаат ва таклифлар ижроси назоратга олинди. Ёшлар бебаҳо хазина эканлиги, улар ақл заковати, иқтидори билан  жаҳон миқиёсида юртимиз нуфузини дунёга танитиши кераклиги қайд этилди.

 

Тадбир доирасида талабалар ижросидаги Абдулҳамид Чўлпон спектакли намойиш этилди. Бу ёшларнинг жадидлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бўлган қизиқишларини оширди.

 

Махсус ҳарбий техникалар ва жанговар кўргазмали чиқишлар тадбирнинг  унутилмас ва ёрқин лаҳзаларга бой бўлишини таъминлади.

 

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech