23 Май 2024 йил 1820

"Хавфсиз ҳаёт учун бирлашайлик!" шиори остида марафон ўтказилди

“Хавфсиз ҳаёт учун бирлашайлик!” Бу шиор бугун спортсевар ёшлар ва барча кўнгиллиларни бир манзилга чорлади.

Жисмоний фаоллик, спорт билан мунтазам шуғулланиш соғлом ва бахтли ҳаёт кечиришнинг асоси. У билан доимий шуғулланиш соғлом турмуш тарзини таъминлаш билан бирга, руҳий тетиклик бағишлайди ва иммунитетни яхшилайди. Марафон иштирокчилари стартдан финишгача масофани давом эттириб, спортга нечоғлик ошнолигини ва яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қилишди. Марафонда бир-биридан ўзишга, чопқирликда фаол бўлишга интилганлар ягона мақсад сари, ғолиблик учун финишга ошиқдилар. Ҳарбий оркестр садолари, махсус техникалар паради марафон иштирокчилари қалбини сурурга тўлдириб, ғалаба сари руҳлантирди.

Олимларнинг таъкидлашича, ҳар куни 5 дақиқа югурган одамда юрак-қон томир касаллиги хавфи йўқолади. Шу сабабли улар орасида узоқ умр кўрувчилар сони кўп бўлади. Мунтазам тонгда югуриш ўрта ҳисобда инсон умрини 3 йилга узайтирар экан.

Юриш, югуриш, жисмоний тарбия, спорт. Булар қандай аталишидан қатъий назар ягона ғоя – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади ва туб замирида инсонларни саломатликка чорлайди. Марафон иштирокчилари ёшлик завқи, жўшқин ғайрат-шижоати ила дўстона рақобат билан марра сари илдамлик, чаққонлик ва тезкорлик кўрсатишди.

Югуриш марафони хушманзара ва кўркам яшилликка туташ ҳудудда ташкил этилганлиги иштирокчиларга табиатдан завқ олиб, тоза ҳаводан баҳра олишини таъминлади.

Ниҳоят, ҳаяжонли ва ҳал қилувчи дақиқалар. Югуриш марафонида финишга биринчилардан бўлиб етиб келган ғолиб иштирокчилар тантанали тарзда тақдирланди.

Айтиш жоизки, мазкур мусобақа аҳоли орасида соғлом турмуш тамойилларини кенг ёйиш, ёшларни бир мақсад атрофида бирлаштириш ва жипслаштиришга, шунингдек, йилдан-йилга оммавийлашиб бораётган саломатлик тадбирларининг даражасини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

Умида Мамадалиева

Text to speech