26 Феврал 2024 йил 1540

Ички ишлар органларида “оила куни” эълон қилинди

Оила жамиятимизнинг кичик бир бўғини, халқимизнинг миллий анъаналарини ўзида сақловчи мўъжаз маскан. Эзгуликлар оиладан бошланади. Оилада соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, хусусан оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат руҳида бўлишига эришиш миллий қадриятларимиздан ҳисобланади.  Бахт қўрғони мустаҳкам бўлса, унда маънавият илдизлари теран, фарзандлар баркамол, урф-одатлар бардавом бўлади. Жамиятда ҳар томонлама соғлом муҳитни қарор топтириш ҳамда истиқболли баркамол авлодни вояга етказишни мустаҳкам оила пойдеворисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аҳолининг турмуш фаровонлиги, инсоннинг ўзини бахтли ҳис қилиши оилада рўёбга чиқади. Шунга мувофиқ, Самарқанд шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан ички ишлар органларида 23-24-25 феврал кунлари “оила куни” деб эълон қилинди. Яратилган бу имкониятдан барча ходимлар унумли фойдаланиб, кунни оиласи билан маданий ҳордиқ олишга бағишлашди. Кино, театр томошалари, концерт дастурлари, истироҳат боғлари, музейларга саёҳат ташкил қилинди. Фарзандлар билан дўстона суҳбат, ўзаро дам олиш оилавий ришталарни янада мустаҳкамлашда ижобий аҳамият касб этди.

-Оила-муқаддас. Бахтли ҳаётга эришиш инсониятнинг орзуси, бу истаклар эса муқаддас қўрғон- оила билан чамбарчас боғлиқ.  Оилада улғаяётган ўғил-қизлар келажаги, уларнинг бахтиёрлигида муҳитнинг таъсири катта. Эр-хотин ўзаро ҳаммаслак бўлса, фарзандлар билан дўстона мулоқотда бўлса бу оилада хотиржамлик, турмушда фаровонликни таъминлайди. Биласиз, ички ишлар органлари ходимлари зиммаларидаги масъулиятни адо этиш учун куну тун халқимиз хизматида. Оиласига вақт ажратиши доим ҳам кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин.  Ўтказилган “оила куни” тадбирлари айни ана шу мақсадларга қаратилган. Эндиликда буни доимий анъанага айлантириш режалаштирилган, -дейди ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Жамшид  Қобулов.

Бу каби тадбирлар оилада ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни, ўзаро муносабатларни яхшилашга катта замин яратиши билан аҳамиятлидир. “Оила куни”ни оммалаштириш эса бирдамлик, аҳиллик, соғлом ва мустаҳкам оилани таъминлаш демакдир.

Умида Мамадалиева

Text to speech