Ички ишлар тизими ходимлари билан очиқ мулоқот: муаммолар тингланди, амалий ечимлар белгиланди
Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлимида Бошқарма бошлиғи полковник Раҳмат Маматов томонидан Пахтачи, Нарпай, Иштихон, Каттақўрғон тумани ва Каттақўрғон шаҳар ИИБларида хизмат қилаётган ходимларнинг шахсий, ижтимоий ва хизматни ўташ билан боғлиқ муаммоларини ўрганиш юзасидан қабул ўтказилди.
Унда ходимларнинг шахсий, ижтимоий ва хизмат фаолияти билан боғлиқ муаммолари билан яқиндан танишди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган қабулда ҳар бир ходимнинг мурожаати индивидуал тарзда кўриб чиқилди. Мулоқот давомида ходимлар нафақат хизмат шароитлари, балки оилавий масалалар, уй-жой, соғлиқ, хизматдаги адолатга оид масалаларни ҳам очиқ баён қилишди.
Полковник Раҳмат Маматов ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, жойида ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолар юзасидан масъулларга аниқ кўрсатмалар берди. Айрим масалалар эса чуқур ўрганилиши ва тегишли хизмат текширувлари асосида ҳал қилиниши учун назоратга олинди.
Тадбир давомида аниқланган айрим ижтимоий ва ташкилий муаммолар бўйича тизимли ёндашув асосида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши, ходимларга муносиб шароит яратиш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш бўйича алоҳида топшириқлар белгиланди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати