12 Март 2024 йил 291

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Жиззах вилоятида ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда

Тадбир жараёнида маҳалла фаолларнинг ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш, жиноят қилишга мойиллиги бор шахслар билан “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ишлаш бўйича “маҳалла еттилиги”нинг вазифаларидан келиб чиқиб, ёш тоифаси, ижтимоий ва моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳар бири билан алоҳида иш ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, республика ишчи гуруҳи Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1-сонли ўрта умумтаълим мактабида яратилган таълим шароитлари билан танишди. Мазкур жараёнда таълим сифатини оширишга қаратилган тадбирлар сифати ўрганилди. Шунингдек, мактаб ўқувчиларини бандлигини таъминлаш ҳамда касбга ўргатиш йўналишида, мактаб шароитида ташкил этилган IT-мутахассислик, кулолчилик ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги каби бир қатор тўгараклар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Сўнг “Мирзачўл агрокластер гроуп” кластери фаолияти ўрганилди. Корхона масъуллари билан кечган мулоқот давомида 358 та иш ўрнига эга мазкур саноат қувватида ҳар куни 50 тонна пахта хом ашёси қайта ишланаётгани билдирилди. Маълумот ўрнида ўрнида айтиш керак, ушбу кластер ихтиёрида 12 минг 500 гектар ғалла, 13 минг 700 гектар пахта майдони мавжуд.

Ишчи гуруҳ туманнинг “Чинобод” маҳалласи еттилиги билан мулоқот ўтказди. Бу ерда асосий эътибор аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш орқали ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, айни мақсадда маҳалла фаолларининг ҳамкорлигини кучайтириш каби масалаларга эътибор қаратилди. Худди шундай, “Чинобод”да барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган қурилиш билан танишилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу манзилда 50 та кўп қаватли уй ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этиш кўзда тутилган.

Ишчи гуруҳ ўтган йили август ойида “Чинобод” маҳалласида фойдаланишга топширилган 60 ўринли “Флорамед” хусусий клиникаси фаолияти ҳамда Ғафур Ғулом маҳалласида барпо қилинаётган “Sentez dostlik textile asseccories” корхонаси қурилиши билан танишди. 20 миллион АҚШ доллари қийматидаги инвестиция жалб қилинган ушбу корхонада кийим-кечак аксессуарлари ишлаб чиқарилади. Ўз навбатида 250 та иш ўрни яратилади.

Шу куни ишчи гуруҳ Арнасой туманининг Бобур маҳалласида жойлашган ахборот-кутубхона маркази ва маданият бўлимида ҳам бўлди. Кутубхонада китоб фонди, электрон адабиётлардан фойдаланиш имкониятларига, маданият бўлимида эса тўгараклар фаолияти, чолғулар билан таъминлаш масалаларига диққат қаратилди. Туманнинг Ғолиблар маҳалласида қонунбузарликларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан маҳалла еттилиги билан мулоқот ўтказилди. Шу билан бирга фуқаролар йиғинида фаолларга яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

Ўрганиш жараёнида, аниқланган барча камчиликлар соҳа масъуллари иштирокида танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг кундалик ўрганиш ишлари давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

Text to speech