19 Сентябр 2023 йил 3832

ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов ва вилоят прокурори Муродқосим Эшназаров томонидан тунги вақтларда жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ишлар ўрганилмоқда

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов, вилоят прокурори Муродқосим Эшназаров  раҳбарлигида ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, криминоген вазият ҳақидаги маълумотларни маҳаллалар кесимида таҳлил қилиш борасида амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Бунда, қизил тоифадаги маҳаллаларда, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот ва идора вакиллари, маҳалла бешлиги жалб этилиб, доимий равишда профилактик тадбирлар ташкил этилаяпти.  «Темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган шахслар билан йўлга қўйилаётган ишлар, аҳолининг бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасидаги тадбирларнинг самара ва натижадорлигига эътибор қаратилмоқда. 

Жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш асосида олиб борилган профилактик ишлар натижасида, жорий йилнинг 8 ойи давомида маҳаллаларнинг тенг ярмида, яъни 50,9 фоиз  маҳаллаларда биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Жиноят турларидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик жиноятлари камайди.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида содир этилган жиноятларнинг 90,7 фоизи ёки 4 минг 165 таси фош этилди.  262 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб жазо муқаррарлиги таъминланди.  Жиноятчилардан 57 кг 800 гр гиёҳвандлик моддалари расмийлаштириб олинди.

Бошқарма бошлиғи  ва вилоят прокурори Самарқанд шаҳридаги қизил тоифага киритилган Истиқлол маҳалласида бўлиб мутасаддилар, жамоатчилик вакиллари билан ўзаро мулоқот чоғида масъулларнинг ўзини-ўзи бошқариш органида  аҳолининг ижтимоий-иқтисодий даражасини ва турмуш шароитини юксалтириш, маҳалла инфраструктурасини яхшилаш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ҳисоботлари тингланди. Профилактика инспекторларининг соҳавий хизматлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлигини кучайтириш, профилактик ҳисобда турган шахслар билан ишлаш, маҳаллада ижарада турадиган талабалар шароитини «хонадонбай» ўрганиш, уларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этишга кўмаклашишга оид тавсия ва таклифлар билдирилди. Маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳудудда кузатув камералари ўрнатиш, айниқса уюшмаган ёшлар билан доимий тарғибот-ташвиқот тадбирларини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги тунги вазият, ходимларнинг маҳалла ва ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти ҳам сектор раҳбарлари томонидан атрофлича ўрганилди. 

-Фуқароларнинг тинч осуда турмуш кечириши, турли маиший ва кундалик муаммоларини бартараф этишда барча бирдек масъул. Бу борада ҳамкорликдаги фаолиятимизни кучайтириш ва ишни тўғри ташкил этиш муҳим,- деди бошқарма бошлиғи ўрганишлар асносида.   

Сектор раҳбарлари  ўз хизмат олди йўриқномасини ўтаётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан ҳам учрашиб, фаолиятдаги аҳамият қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар, масъулият ва ҳушёрлик билан ишлаш борасида кўрсатмалар берилди. Тунги вақтларда фаолият кўрсатаётган кўнгилочар масканлардаги ижтимоий-маънавий муҳит кўздан кечирилди. Бемақсад, назоратсиз юрган ёшлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Асосий эътибор жиноятлар содир қилгандан кейин оқибатлари билан курашиш эмас, балкий жиноятларнинг барвақт олдини олиш муҳим вазифа. Шу боис бу каби жамоатчилик  назоратини мунтазам йўлга қўйиш қайд этилди.

Йўл патрул хизмати инспекторларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузар ҳайдовчиларни аниқлаб уларга қонуний чора кўриш борасидаги хизмат фаолияти ҳам ўрганилди.  Ходимларга ҳайдовчи ва йўловчилар билан хушмуомалада бўлиш, хизмат интизомига қатъий амал қилиш юзасидан тушунча ва тавсиялар берилди. Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида тунги хизмат  олди йўриқномаси ҳам ўтказилиб, ҳар бир ходим фуқароларнинг мушкулини осон қилувчи, яқин ҳамкорига айланиши, хизмат интизомига амал қилиши, касб масъулиятини виждонан бажариши лозимлиги таъкидланди. 

Бугунги кунда амалга оширилаётган барча ҳаракатлар – халқимизнинг тинч-тотув ва хавфсиз бўлишига қаратилган. Ҳудудлардаги сектор раҳбарларининг криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича ташаббусларининг самарадорлиги, жиноятларни олдини олиш борасидаги ҳам ўрганиш, ҳам амалий ёрдам кўрсатаётгани фаолиятда самарадорликка эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумот ўрнида, вилоятимиздаги криминоген вазияти оғир бўлган 198 та маҳаллаларга вилоят ва шаҳар, туман Ички ишлар органлари раҳбар ходимлари билан бир қаторда прокуратура, миллий гвардия ходимлари, вилоят ва ҳудудий ҳокимликлар вакиллари  бириктирилиб, уларга жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Профилактика инспекторлари томонидан маҳаллалардаги 426 минг 854 та хонадонлар ўрганилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёҳуд ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 19 минг 304 нафар шахсларга хулосалар берилди.  Жиноят  ва ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган 13 тоифадаги шахслар алоҳида назоратга олиниб, уларнинг муаммолари “ижтимоий профилактика” тамойили асосида бартараф этилмоқда.  

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида светофорлар, йўл белгилари, суний йўл тўсиқлари ўрнатиш, жиддий хавф туғдираётган йўл қисмларини таъмирлаш юзасидан таклифлар тайёрланиб, амалга оширилиш чоралари кўрилмоқда. Барча йўл патруль хизмати инспекторларининг бевосита маҳаллалардаги жавобгарлик ҳудудлари белгилаб берилди.

Маҳаллалардаги  низоли оилалар,  ҳуқуқбузарлик содир этиб маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларнинг рўйхатларини шакллантириш, спиртли ичимликка ружу қўйган, пробация назоратига олинганлар билан   кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида профилактик тадбирларни кучайтириш юзасидан аниқ  вазифалар белгиланди.   Хулоса қилиб айтганда, жиноятларни жиловлаш, олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги ишларни тизимли равишда ташкил этишда соҳа масъулларига топшириқлар берилди. 

Text to speech