Ижтимоий тармоқда “Автобусларимизни сабабсиз тўхтатиб қўйишди. Йўловчилар сарсон бўлмоқда” мазмунида тарқалган видеолавҳа юзасидан
Ижтимоий тармоқда “Автобусларимизни сабабсиз тўхтатиб қўйишди. Йўловчилар сарсон бўлмоқда” мазмунида видеолавҳа тарқалди.
Автобус ҳайдовчилари 22:00 дан сўнг йўловчилар билан узоқ масофага ҳаракатланишга ҳақлими?
Сўнгги вақтларда юртимизда содир этилаётган оғир оқибатли, инсон ўлими билан боғлиқ, йўл-транспорт ҳодисалари кўплаб содир этилмоқда, айниқса йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларга тегишли бўлган автобус ва микроавтобуслар йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши кўпаймоқда.
Масалан, 31 июль куни соат 01:45 ларда Каттақўрғон тумани “Алижон” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” М-37 автомобиль йўлининг 71 км.да, “YUTONG” русумли автобус “Бухоро-Тошкент” йўналишида кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган велосипед бошқариб келаётган шахсни уриб юбормаслик мақсадида, автобусни ўнг тарафга йўналишини ўзгартириб, бошқарувни йўқотиб, ағдарилиб кетган. Натижада автобус ичида бўлган 2 нафар йўловчи вафот этган.
Келгусида бу каби йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилишини олдини олиш мақсадида, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автобусларнинг «Йўл ҳаракати қоидалари» талабларига тўлиқ риоя этиши юзасидан тарғибот тадбирлари ҳамда кучайтирилган рейдлар ўтказилиб келинмоқда.
Ўтказилаётган тадбирларида ҳайдовчиларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 майдаги 424-сонли Қарори талаблари бўйича тунги вақтларда вилоятлараро, шаҳарлараро, халқаро ва туристик йўналишлар бўйича автобусларда йўловчиларни соат 22.00 дан соат 05.00 гача (ноябрь-февраль ойларида соат 21.00 дан соат 06.00 гача) ташишлари тақиқланганлиги тўғрисида огоҳлантирилиб келинмоқда.
04 август куни 22:00 дан сўнг, Самарқанд вилоятининг “Юқори нуқта” ЙПХ масканида ҳам мазкур талабларни қўпол равишда бузиб келаётган бир нечта автобус ҳайдовчилари тўхтатилиб, уларга ўрнатилган меъёрлар бўйича тушунтиришлар берилганига қарамай, ҳайдовчилар турли баҳоналарни важ қилиб, ЙПХ инспекторларидан ҳаракатни давом эттиришни сўрашган. Қоидаларни бузгани етмаганидек, автобусдаги йўловчиларга мазкур ҳолатни тўғри тушунтириш ўрнига бақир-чақир қилишга даъват қилишган. ЙПХ инспекторлари томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларга ўрнатилган меъёрлар яна бир-бор тушунтирилиб, автобуслар йўлнинг четки қисмига, хавфсиз ҳудудга жойлаштирилиб, эрталаб 05:00 дан сўнг ҳаракатланишига рухсат берилган. Манзилига шошаётган айрим йўловчилар енгил машиналарга миндирилиб кузатиб юборилган бўлса, айримлари автобус ичида тунаб қолишни маъқул кўришган.
Энди ижтимоий тармоқда тарқалган ҳолатга баҳони ўзингиз беринг. Наҳотки шу ҳайдовчилар қоидаларни била туриб, узоқ масофага ҳаракатланадиган кўплаб фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйишса?! Яна уларни сарсон қилишса, ҳолатга қандай изоҳ бериш мумкин?!
Шу ўринда автобус ҳайдовчиларига мурожаат қилиб, белгиланган қоидаларга риоя қилишга чақирамиз.
Ўзингиз ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйманг!
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати