Ижтимоий ҳимоя
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 26-февралдаги “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раёсати томонидан қўшма қарор қабул қилинган.
Мазкур қўшма қарорга асосан ички ишлар органларининг терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига ёки ушбу ҳолатларда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфига кирувчи сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар ажратиш белгилаб берилган.
Шу асосда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ раҳбар-ходимлари ҳамда ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси масъуллари 2010-йил хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган сержант Сухроббек Қулмуратов яшаган хонадонда бўлиб, унинг оила аъзолари ҳолидан хабар олишди.
Дўстона ва самимий суҳбатдан сўнг марҳум ЙПХ ходими сержант Сухроббек Қулмуратовнинг отаси Абдуғани Қулмуратовга саломатлигини тиклаш учун “Чортоқ” санаториясига йўлланма берилди.
Ўз ҳаёти ва соғлиғини аямай терроризм ва жиноятчиликка муносиб қаршилик кўрсатган, хизмат вазифаларини бажариш чоғида жасорат намоён этган ходимлар шаънига дуолар ўқилди.