2 Июл 2025 йил 123

Киберфирибгарликларга қарши курашишга қаратилган манзилли тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда

Жамиятда ахборот технологиялари тобора кенг қўлланилаётган ҳозирги кунда киберфирибгарликка қарши самарали курашиш ва фуқароларнинг рақамли хавфсизликка оид билимларини ошириш алоҳида долзарблик касб этмоқда.

Шу муносабат билан, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси мутахассислари томонидан ҳудуддаги аҳоли гавжум манзилли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирлар доирасида жамоатчилик ва кенг аҳоли қатламига киберфирибгарлик жиноятларининг турлари, улардан эҳтиётланиш усуллари, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш тартиблари ва интернет орқали амалга ошириладиган қаллоблик схемалари ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда.

Тарғибот жараёнида фуқароларга содда ва тушунарли тилда тайёрланган ахборот варақалари, буклетлар ва флаерлар тарқатилмоқда. Ушбу материаллар орқали аҳолига эҳтиёткорлик чораларини кўриш, шубҳали ҳаволалар ёки шахсий маълумотларни талаб қилувчи интернет манбаларга ишонмаслик, шунингдек, ҳар қандай кибержиноят аломатларига дуч келинганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш лозимлиги тўғрисида тушунчалар берилмоқда.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур профилактик тадбирларни доимий равишда ва босқичма-босқич тарзда амалга ошириб бориш орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва ахборот хавфсизлигига оид хабардорлигини оширишни мақсад қилган.

Text to speech